21 октябрь – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун
Инсоният тараққиёти давомида олам сирларини билишга қизиқишган. Бу бетимсол моҳиятни англашда, аввало, ижтимоий ҳодиса, зарурат сифатида юзага келган – она тилини кашф қилган. Яратган барча мавжудотларга ўзига хос забон берганки, уларнинг шарафлиси Инсон учун мулоқот воситаси – тилни инъом қилган. Муқаддас китобларда уқтирилишича: “Ҳар бир миллатнинг ўз она тили бўлади. Уни асраб-авайлаган эл ҳамиша тирикдир”. Бу ўгитга эътибор қаратилса ўзбек тили тарихига назар ташланса, она тилимиз жуда кўплаб машаққатларни, топишлару йўқотишларни бошидан кечирди. Айниқса, собиқ иттифоқ даврида тил сиёсати ўта мураккаб тарзда “қамал қилинди”. Бу эса миллий тилнинг қадру қийматини янада тушириб юборди. Тилнинг ижтимоийлашуви негизида мулоқот системаси бузилди. Яъни давр ўз олдига янги саволларни қўйди. Бугунги кунда тегноген даврда глобаллашув жараёни ҳукм сурмоқда. Дунёни ягона тил тизимига айлантириш учун оммавий маданиятнинг хлма-хил усуллари ўйлаб топилмоқда. Биргина мисол, бу борада минглаб одамлар фаолият юритмоқдаки, у хоҳ санъат, хоҳ кино, хоҳ кийим-кечак, хоҳ мусиқа тарзида миллат онгини заҳарлаш, ёш авлоднинг ақлий тафаккурига ҳужум қилиш билан ҳам бажарилмоқда. Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг “Ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилишига 30 йил тўлишини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарори мамлакатимиз ҳаётида муҳим янглик бўлди. Эндиликда тилга ўзаро ҳурмат-иззатда бўлиш, унинг миллий ривожланиш тамойилларини янада кучайтириш борасида катта қадамлар ташланди. Тилшунослик соҳасида кўндаланг бўлиб турган лингвокультурология йўналишида олиб бориладиган катта тадқиқотлар ўз эгасини кутиб туриши, бу борада муайян илмий изланишлар олиб борилаётгани қувонарлидир.
Алишер Навоий бу ҳақда шундай ёзади:
Агар бир қавм, гар юз йўқса мингдур,
Муйян турк улуси худ менингдур.
Навоий ўзининг туркий эллар шоири эканлигини фахр-ифтихор билан тилга олади.
Мустамлака даврида “Чиғатой тили” деб номланиши ҳам Чингизхоннинг золим ўғли Чиғатойга менгзаб Навоийни Чингизхонга бориб тақалишини сиёсий мақсадда ўйлаб топган уйдурмалари деб, тушуниш лозим. Негаки, Чиғатойдан олдин ўзбек тили “Девону луғотит-турк” деб юритилган асарда ҳам асослаб берилган. Манфур сиёсатчилар, тўқиб чиқарилган ёлғон хабарлар тилимизнинг қадрини туширишга, уни онгимиздан ювиб ташлашга қаратилганлиги билан кўплаб қийинчиликларни туғдирди. Ваҳоланки, тилга шу даражада паст назар билан қарашган мустамлакачилар охир-оқибат миллат қудратидан ҳайиқишганлигини яширишга уринишган.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, тилга эътиборли бўлиш, унинг бугунги савияси, даражасини кўтариш фақатгина ўзимизнинг қўлимизда эканлигини доим ёдимизда тутишимиз даркор. Негаки, тилнинг ижтимоий фаоллашуви, жамият, борингки, инсонлар кудналик фаолиятида муҳим асосий мулоқот воситаси эканлиги диққат марказимизда бўлиши даркор. Жаҳон ҳамжамиятида қилинаётган тил борасидаги энг мақбул ишларни ўзимизга мослаштириб, фақат она тилимизнинг софлигини тараннум қилиш ёш авлодга етказиш, бу борадаги сир-синоатларни кашф қилиш замоннинг энг долзарб муаммолари сифатида қаралсагина мақсадимизга эришишимиз мумкин бўлади.
Нодира САПАРБАЕВА,
Нукус шаҳри 31 сонли мактаб
Ўзбек тили фани ўқитувчиси,
Қорақалпоғистон Республикаси
халқ таълими аълочиси