Сайловчилар имзосини тўплаш давом этмоқда

Жорий йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳарлар Кенгашларига сайловларга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Айни кунларда мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган тадбир доирасида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов тўғрисидаги кодексининг 38-моддасига мувофиқ, сиёсий партиялар имзо тўплашни давом эттиришяпти.
– Белгиланган меъёрга кўра, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилояти кенгаши 3 минг 200 нафар сайловчининг имзосини тўплаши лозим, – дейди партия вилоят кенгаши раиси Зулфия Тўйева. –Қонунчиликка биноан сайловчилар имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек, ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа жойларда олиб борилмоқда. Тадбир жараёнида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан берилган сайловчилар имзосини тўплаш варақаларини тўлдириш тартиби ва бу борада қатъий амал қилиниши зарур бўлган жиҳатлар электорат вакиллари ҳамда партиямиз хайрихоҳларига атрофлича тушунтирилаётир.
Мазкур жараёнда қонунбузилишларига, аниқроғи, имзо тўплаётган шахсларнинг сайловчиларни ўзига оғдириб олишга уриниш ҳолатлари кузатилаётгани йўқ.
Таъкидлаш жоизки, имзо тўплаш тадбири партиянинг икки сайлов ўртасида сайловчиларнинг ишончини нечоғли оқлаганини баҳолашнинг ўзига хос барометрларидан биридир. Маълумотларга қараганда, ўтган сайловдан ҳозирга қадар вилоятда мазкур партия аъзолари сони 3 мингдан зиёдга кўпайиб, 34 минг нафардан ошган.

 

Э.ЁДГОРОВ, ЎзА