Футбол хабарлари

Италия кубогининг нимчорак финалида «Рома» ўз майдонида «Сампдория»ни қабул қилди ва 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувда Артём Довбик дубль қайд этган бўлса, Томмазо Бальданци ҳисобни йириклаштирди. Йепес эса «Сампдория»нинг ягона голига муаллифлик қилди. Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов 78-дақиқада захирадан майдонга тушиб, “Рома”нинг 4-голини боши билан рақиб дарвозасига киритди.
Энди “Рома” 5-26 февраль кунлари мусобақанинг чорак финалида “Милан”га қарши майдонга тушади.
***
Италия А серияси футболчиларининг янгиланган трансфер нархлари эълон қилинди. Унга кўра, “Рома” клуба аъзоси, ҳамюртимиз Элдор Шомуродовнинг нархи 1 миллионга арзонлашди ва эндиликда Ўзбекистон терма жамоаси сардорининг нархи 4 миллион евро этиб белгиланди.
***
Англия лига кубогининг чорак финалидан ўрин олган 3 ўйин ўтказилди. Унда «Арсенал» ўз майдонида «Кристал Пэлас»ни қабул қилиб, 3:2 ҳисобида зафар қучган бўлса, «Ливерпуль» сафарда «Саутгемптон» меҳмони бўлди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. “Ньюкасл” эса 3:1 ҳисобида “Брентфорд”ни енгди.

Бугун тунда чорак финал босқичининг сўнгги ўйини бўлиб ўтади. Унда “Тоттенхэм” ва “Манчестер Юнайтед” клублари ўзаро рақобатлашади.
***
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси сардори Лазизбек Мирзаев янги мавсумни Испаниянинг «Леганес» клубида бошлашидан хабарингиз бор, албатта.

Ҳужумкор ярим ҳимоячимиз мавсумнинг дастлабки қисмида асосий жамоага ёш футболчиларни етказиб берувчи «Леганес Juvenil A» жамоасида 10-рақамда майдонга тушмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Леганес Juvenil A» навбатдаги учрашувини 22 декабрь куни «Ла Круз»га қарши ўтказади.
***
Франция чемпионатининг марказий учрашувида “Монако” ва “ПСЖ” баҳс олиб борди.

Учрашувнинг 20-дақиқасида “Монако” футболчиси Синго тўп учун курашда “ПСЖ” дарвозабони Жанлуижи Доннаруманинг юзини босиб кетди.
Натижада посбон захирага олинди. Кейинчалик италиялик футболчининг юзига шифокорлар томонидан 10 та чок туширилгани аниқ бўлди. Дарвоқе, мазкур баҳсда “ПСЖ” 4:2 ҳисобида зафар қучди.
***
“Навбаҳор” футбол клуби жамоа етакчиси Азим Аҳмедов билан 2026 йилнинг охирига қадар шартнома имзолади.

Эслатиб ўтамиз, Азим Аҳмедов 2023 йилнинг ёзидан бери “Навбаҳор”да ҳаракат қилмоқда. Ярим ҳимоячи жорий мавсум Суперлигада 19 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол урди ва 1 та голга ассист қайд этди.
***
Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби аъзоси Неймар клуб раҳбариятига январда жамоани тарк этмоқчи эканини маълум қилди.
“Ал-Ҳилол” мутасаддилари Неймарнинг кетиши ҳақидаги гапларга ишонмади. Улар катта маош олаётган бразилиялик юлдуз шу йўл билан ёзда тугайдиган шартномасини узайтиришга эришмоқчи, деган фикрга келмоқда.
“Ал-Ҳилол” кетма-кет жароҳатлар туфайли жамоага деярли ёрдами тегмаётган Неймар билан ҳамкорликни давом эттирмоқчи эмас.
***
Аввалроқ, “Барселона” клуби «Монжуик» Олимпия стадионидан май ойида чиқиб кетиши кераклиги ҳақида хабар берилган эди.
Бироқ, «Камп Ноу» стадиони ушбу мавсум охирига қадар битиши деярли имконсиз экани ойдинлашмоқда. Ҳозирда стадионда авария чиқишлари, чимнинг таг қисми бўйича қилиниши керак бўлган ишлар бироз чўзилмоқда. Шу сабабли ҳам «Барселона» клуби ушбу мавсумда катта эҳтимол билан «Камп Ноу» стадионига қайтмайди.
Бундан ташқари, УЕФА қоидаларига кўра, жамоа ўз стадионини ЕЧЛнинг умумий лига босқичи ва плей-офф босқичи оралиғидагина ўзгартира олади. Ла Лигада эса бундай чеклов йўқ.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА