2025 йилги Давлат бюджетида қайси соҳаларга кўпроқ эътибор қаратилган?

307

Сенат ялпи мажлисида “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун муҳокама этилди.

Мазкур масала юзасидан маъруза қилган Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 2025 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий соҳа хизматлари сифатини янада ошириш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилганини қайд этди. Унга кўра, 2025 йилда иқтисодий шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда инфляция даражаси 7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Қонунда ўрта муддатда консолидациялашган бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик вазифасидан келиб чиқиб, 2025 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 431 триллион сўм, харажатлар эса 480,5 триллион сўм миқдорида шакллантирилган.

Давлат бюджети даромадлари 308,5 триллион сўмни, харажатлари эса 344,8 триллион сўмни ташкил этмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари ва харажатлари (бюджетлараро трансфертлар ҳисобга олинмаган ҳолда) тегишинча 66,4 триллион сўм ва 62,8 триллион сўм миқдорида режалаштирилмоқда.

Қонунда кейинги йилда ҳам харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинган бўлиб, Давлат бюджети харажатларининг 52 фоизи ёки 177,7 триллион сўми ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда.

Сенаторлар қонунни муҳокама қилиш жараёнида бюджет даромадларини оширишга, бюджет маблағларини мақсадли сарфлашга алоҳида эътибор қаратди ва ўз фикрларини билдирди.

Қонунда 2025 йил учун Давлат бюджети харажатларида экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари учун 3,6 триллион сўм кўзда тутилган. Соғлиқни сақлаш соҳасига эса 41,3 триллион сўм ёки 2024 йилги кутилаётган ижрога нисбатан 19,8 фоизга ошган ҳолда ажратиш режалаштирилмоқда.

Президент фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида 2025 йилда ҳудудлардаги долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда давлат аҳамиятига молик тадбирларни амалга ошириш бўйича белгиланган тадбирлар учун ҳам маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.

Сенаторлар ўз чиқишларида қонунда бюджет даромадлари базасини кенгайтириш, мамлакатимизда аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш, камбағалликни қисқартириш, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларини ҳамда маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш, шунингдек, табиатни асрашни рағбатлантириш масалаларига эътибор қаратилганини таъкидлади.

Муҳокама якунида мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА