Ўзбекистон хориж матбуоти саҳифаларида
Саудия Арабистони Подшоҳлиги ахборот агентлиги – “SPA” Алоқа ва ахборот технологиялари вазири Абдуллоҳ Ал-Саваха Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов билан учрашганини ёритди.
Мақолада икки мамлакат ўртасида алоқа ва замонавий технологиялар, тадбиркорларнинг имкониятларини кенгайтириш ва барқарор рақамли иқтисодий ўсишга эришиш учун инновацияларни қўллаб-қувватлаш соҳасида ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилингани батафсил ёзилган.
Саудия Арабистонида ўтказилаётган «Internet Governance Forum» анжумани доирасида бўлиб ўтган учрашувдан сўнг томонлар ўртасида алоқа ва ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ва тажриба алмашиш мақсадида стратегик келишув имзолангани таъкидланган.
Битим сунъий интеллект, рақамли инфратузилма, бешинчи ва олтинчи авлод технологиялари, рақамли инвестицияларни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқиш ва модернизация қилиш бўйича тажриба алмашиш, шунингдек, ҳар икки мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшишга қаратилган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА