Ўзбекистонда сайловларни демократик тарзда ўтказишга ҳаракат қилинган. Халқаро кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари доим сайловларни кузатиб боради.
Бу жараёнда илгари доим “оилавий овоз бериш” яъни бир киши оиладаги барча учун овоз бериши учраб тургани сир эмас.
Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Маҳмуд Истамовнинг айтишича, бу йил сайловда иштирок этганларнинг тўлиқ рўйхати автоматик тарзда шакллантирилади. Бу бир шахснинг бир неча маротаба овоз бериши ёки бир кишининг бутун оила аъзолари учун овоз беришининг олдини олиш имконини беради.
Сайлов тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётгани бунга имкон яратади.
Электрон тизимнинг сайлов жараёнларида қўлланиши нафақат сайлов ташкилотчилари ишини осонлаштиради, балки сайловларнинг шаффофлигини янада кенгроқ таъминланишига хизмат қилади.
Бу борада мамлакатимизда муайян ютуқларга эришилаётирки,буни жорий йилда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини (СЯЭР) шакллантириш ишлари жадал давом этаётганидан ҳам билса бўлади. Ушбу тизим илк бор 2017 йил декабрь ойида Тошкент шаҳар Халқ депутатлари туман кенгашларига сайлов давомида синовдан ўтказилган.
Тизимнинг синов жараёнида юзага келган айрим камчиликларини бартараф этиш мақсадида Давлатимиз раҳбарининг 2018 йилдаги “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга асосан ҳозир тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда СЯЭРни тўла шакллантириш ишлари якунига етказилмоқда.
СЯЭР асосида Сайлов жараёнини бошқариш бўйича ахборот тизими (СЖБАТ) шакллантирилди. У ўз ичига бир қанча вазифаларни олади ва фуқароларни сайлов участка комиссияларига тақсимлаш, сайловчини ўзи яшаб турган жойга алоқадор участка ҳақида маълумот олиш ҳамда округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари фаолиятини осонлаштириш имкониятини беради.
Сайлов куни овоз бериш учун келган юртдошларимиз СЖБАТ операторларига мурожаат қилади ва сайлов бюллетенини олиб, овоз бериш кабинасида ўз номзодини қўллаб-қувватлайди. Натижада бир вақтнинг ўзида сайловда иштирок этганларнинг тўлиқ рўйхати автоматик тарзда шакллантирилади. Бу бир шахснинг бир неча маротаба овоз бериши ёки бир кишининг бутун оила аъзолари учун овоз беришининг олдини олиш имконини беради.
Шу билан бирга, Марказий сайлов комиссиясининг сайлов жараёнларидаги фаолиятини осонлаштириш ва қўшимча қулайлик ва имкониятлар яратиш мақсадида “Сайлов-2019” мобиль иловаси ишлаб чиқилди. Унда сайловга оид қонун ҳужжатлари, сайлов комиссиялари фаоллари ҳақида маълумотлар, сайловчилар, комиссия аъзолари, сиёсий партиялар ва номзодлар ҳамда кузатувчилар учун услубий тавсиялар, сайлов фаолларининг билимини оширишга доир ўқув материаллари, китоблар ва мақолалар, сайлов мавзуси бўйича савол-жавоблар ўрин олади. Шунингдек, сайловчиларга ўз сайлов участкасини топишида кўмаклашиш учун махсус ҳавола ҳам жойлаштирилади.
ЎзА мухбирининг Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари М.Истамов билан суҳбатининг тўлиқ матни билан сайтимизда танишасиз. Бизни кузатиб боринг!
Норгул Абдураимова, ЎзА