Олий Мажлис Қонунчилик палатасида
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 30 сентябрь куни ўтказилган навбатдаги мажлисида депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада яхшилашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
Хусусан, депутатлар ишни “Маданий ифодаларнинг турли хил шаклларини муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги халқаро конвенцияни (Париж, 2005 йил 20 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилишдан бошладилар.
Таъкидланганидек, ҳозирги пайтда 145 мамлакат томонидан ратификация қилинган мазкур Конвенциянинг асосий мақсади маданий ўзликни намоён қилишнинг турли хил шаклларини сақлаш ва рағбатлантириш, ушбу соҳада халқаро ҳамкорлик, ҳамфикрликни мустаҳкамлаш асосида турфа маданиятларнинг эркин мулоқоти учун зарур шароитларни яратишдан иборатдир. Айни пайтда юртимизда ушбу Конвенциянинг асосий қоидаларига ҳар томонлама мос келадиган ишлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Анъанавий “Шарқ тароналари” мусиқий фестивали, Мақом санъати халқаро форуми, Халқаро бахшичилик санъати фестивали каби халқаро аҳамиятга молик тадбирлар шулар жумласидандир.
Ушбу Конвенциянинг ратификация қилиниши халқимизнинг узоқ ўтмишга эга азалий маданиятини асраб-авайлаш, янада кенг миқёсда тарғиб этиш ва ривожлантириш имкониятини кенгайтиришга кўмаклашади.
Мажлисда “Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси ҳам баҳсларга бой бўлди.
Қайд этилганидек, қатор хорижий мамлакатларнинг жиноятчиликка доир қонун ҳужжатларини ўрганиш мамлакатда бўлиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик йўқлигини кўрсатмоқда. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 224-моддасини декриминализация қилиш заруратини келтириб чиқармоқда. Шунингдек, миллий қонунчилигимиз таҳлили ва Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар статистикаси республикамиз фуқаролари, чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга маъмурий жавобгарлик чораларини дифференциация қилишни тақозо этяпти.
Шундан келиб чиқиб, мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни либераллаштиришга қаратилган тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.
Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ваколатли давлат органлари томонидан мазкур тоифадаги ишларнинг тезкор кўриб чиқилишини таъминлашга, шунингдек, мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилган ислоҳотларни тўла-тўкис юритилишига ҳуқуқий кафолат яратади.
Мажлисда янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси қизғин кечди. Лойиҳада Ҳукуматнинг очиқ, шаффоф фаолият юритиши, унинг ваколатлари аниқ соҳа ва йўналишлар бўйича белгилаб берилмоқда. Бош вазир томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат бошқаруви ҳудудий органлари раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида ҳудудларда Ҳукуматнинг мавзули сайёр мажлислари ўтказилиши назарда тутиляпти. Шунингдек, Бош вазир, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари, Бош вазир маслаҳатчилари, вазирлар, давлат қўмиталари раисларининг ваколатлари ҳамда жавобгарлиги белгилаб берилмоқда.
Эндиликда Ҳукуматнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига келиб тушган мурожаатлари билан ишлаш мониторингини олиб бориш ҳамда таҳлилини юритиш ҳам қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бундан ташқари, лойиҳада Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва унинг мансабдор шахслари ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиниши мумкинлигига доир қонун нормаларида аниқ белгилаб берилмоқда.
Депутатларнинг фикрича, лойиҳада бу каби янги нормаларнинг акс эттирилиши ҳокимият тармоқларининг бўлиниш ва бир-бирини тийиб туриш ва мувозанатни сақлаш принципларига мувофиқ, Ҳукуматнинг ўз фаолиятини қонуний, шаффоф, демократик руҳда амалга оширишини таъминлашга ёрдам беради. Бир пайтнинг ўзида Ҳукуматнинг очиқ ва шаффоф фаолият юритиши, ижро этувчи ҳокимият фаолиятига самарали раҳбарликни амалга ошириш, инсон ҳуқуқ-эркинликлари муҳофазаси ҳамда халқ манфаати устуворлигини таъминлашнинг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилишида мустаҳкам ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала – ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди. Президентимизнинг 2019 йил 28 мартдаги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур лойиҳага кўра, ветеринария ва чорвачилик соҳасининг бошқарув тизими такомиллашгани муносабати билан унинг асосий вазифалари ва функциялари доираси кенгайтирилмоқда.
Парламент аъзолари ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши республикада наслчилик-селекция ишларини юритишнинг илмий асосланган инновацион услубларини жорий этиш, сермаҳсул ва наслдор молларни етиштириш, кўпайтириш ва сунъий урчитиш ишларини тизимли ташкил этиш, чорва молларининг наслини яхшилашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Шундан сўнг депутатлар “Олий даражали “Дўстлик” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама қилдилар.
Қайд этилганидек, лойиҳада Олий даражали “Дўстлик” ордени билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар қардош халқлар ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, халқлар якдиллигига эришишдаги алоҳида хизматлари, ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантиришдаги сермаҳсул фаолияти, минтақалараро келишувга эришиш, шунингдек, халқлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги фаол иштироки учун мукофотланиши белгиланмоқда.
Қизғин баҳс-мунозара келтириб чиқарган навбатдаги масала – “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасининг мақсади энергетика тармоқларида ҳосил қилинаётган электр, иссиқлик энергияси, ёқилғи ва бошқа ноанъанавий энергия ресурсларидан иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳада янада оқилона фойдаланиш, энергия ресурслари истеъмолининг самарадорлигини ва замонавий тежамкор технологияларини жорий этиш хизматларини кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришдан иборатдир.
Парламент вакилларининг фикрича, ушбу лойиҳанинг қабул қилиниши энергия ресурслари харажатларини оптималлаштириш, энергия ресурслари истеъмолининг самарадорлигини тизимли мониторинг қилиш, истеъмолдаги энергия ресурслари ҳажмини камайтириб, тежаш, мамлакатда барқарор иқтисодий ўсишни мустаҳкамлаш, бюджетга тушумларни кўпайтириш ҳамда аҳолининг реал даромадларини оширишга хизмат қилади.
Мажлис кун тартибига киритилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Президентимизнинг 2019 йил 5 февралдаги “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Лойиҳа билан алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг таълим, спорт ва диний муассасалардан тўғри чизиқ бўйича икки юз метрдан ортиқ радиусда жойлашган савдо объектларида, шунингдек, умумий савдо майдони минг квадрат метрдан ортиқ бўлган савдо мажмуалари (бозорлар), ярмарка павильонларида реализация қилишни тақиқлаш белгиланмоқда.
Бундан ташқари, республика ҳудудига алкоголь маҳсулотларини полиэтилен, полистирол ва бошқа полимер материаллардан тайёрланган полимер истеъмол идишларида олиб киришга тақиқ ва жавобгарликни ўрнатиш (пиво ва вино маҳсулотлари бундан мустасно) кўзда тутиляпти.
Амалиётдан маълумки, бирор бир корхона, тадбиркорлик субъектини ташкил қилиб, очишдан кўра, уни тугатиб, ёпиш анча мушкул, қийин иш. Айни шу сабабли ҳам кўплаб тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмай, муайян фирмани давлат рўйхатидан ўтказмай фаолият юритишни афзал билади. Аслида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тугатиш жараёнларининг тартиб-таомилларини ҳам янада соддалаштириш, шаффофлигини ошириш орқали коррупция билан боғлиқ омилларнинг олдини олишга қаратилгандир.
Шу маънода, депутатларнинг “Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан баҳс-мунозараси қизғин тус олганини тушуниш мумкин.
Лойиҳа билан тадбиркорлик субъектларини тугатишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган деб ҳисоблаш учун асос бўладиган муддат тўққиз ойни ташкил этиши, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналар давлат солиқ хизмати органининг тақдимномасига асосан рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан Тадбиркорлик субъектларининг Ягона давлат реестридан уч йил муддатга ҳаракатсиз режимга ўтказилиши белгиланмоқда. Ҳаракатсиз режимга ўтказилган корхоналар фаолияти уч йил давомида тикланмаган тақдирда рўйхатдан ўтказувчи орган уларни тадбиркорлик субъектларининг Ягона давлат реестридан чиқаради. Шундан келиб чиқиб, тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Депутатларнинг қайд этишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тугатиш жараёнларининг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, очиқлик ва шаффофлигини оширишни таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.
Мажлисда депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати.
ЎзА