Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ташкилий кўмагида бир гуруҳ хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари Қорақалпоғистондаги газ-кимё ва электр энергияси саноат зоналарига ташриф буюрди. Меҳмонлар дастлаб Сургил газ конида бўлди.
– Сургил газ конида илк бор, яъни 1998 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарувига қарашли Устюрт қидирув-бурғулаш экспедицияси иш бошлаган ва газ кони сифатида қозиқ қоқилиб, бурғулаш ишлари олиб борилган. 2002 йилда кон очилиб, 2007 йилда эксплуатацияга қўшилди ва газ олина бошлади. 2013 йилда “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонаси бошқарувига ўтгандан кейин конда халқаро тендер ғолиби “ERIELL” компанияси фаолият юрита бошлади ва ҳозирги пайтда ҳам 100 та эксплуатацион қудуқларда йирик таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, – дейди “ERIELL” компаниясининг Устюрт ҳудуди бош геологи Жақабай Бухарбаев. – “ERIELL” компанияси 2013 йилдан буён Сургил конларидаги қудуқларни қуриш ва газ йиғиш пунктларини қуриш бўйича ишларни амалга оширмоқда.
Бурғулаш ва қудуқларни қазиш ишлари тугаллангандан сўнг қудуқни жиҳозлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Қудуқ жиҳозланганда, газни ишлаб чиқариш режимини, хавфсиз ишлашини, техник хизмат кўрсатилишини ва қудуқни кейинчалик таъмирланишини таъминлаш учун ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ иш олиб борилади. 2013 йилдан 2015 йилгача биринчи босқичдаги бурғулаш ишларида 35 та қудуқни бурғулаш якунланди ва ўзлаштирилди. 2,950 метр чуқурликдаги битта қудуқни бурғилаш учун ўртача вақт 60 кунни ташкил этди, бу шартнома бўйича белгиланган муддатдан 20 кун олдин амалга оширилди.
Иккинчи шартномага кўра, 2016 йилдан ҳозирги кунга қадар бурғулаш бўйича 50 та қудуқда бурғулаш ишлари якунланди ва ўзлаштирилди. 2 950 метр чуқурликдаги битта қудуқни бурғилаш учун ўртача вақт 59 кунни ташкил этди ва шартнома шартларидан 21 кунга тезроқ тугатилди.
Сургил газ конларида бурғулаш ишлари олтита кўчма бурғулаш қурилмалари ёрдамида амалга оширилди. Қудуқни қуриш ва капитал таъмирлаш тўртта кўтариш мосламаси томонидан амалга оширилди. Барча қурилмалар “ERIELL” компаниясининг мулкидир.
Сургил газ кони Мўйноқ туманида, яъни Орол денгизининг қуриган тубида жойлашган. “Сургил” атамаси “шўр кўл” сўзидан келиб чиққан. Ҳудуднинг иқлим шароити оғир бўлиб, бу ерда ҳарорат ёзда +60 кўтарилиши, қишда эса – 40 даражагача тушиши мумкин.
2015 йил сентябр ойидан бошлаб газ қудуқларидан бурғулаш ва капитал таъмирдан кейин ҳосил бўлган барча маҳсулотлар “uz-kor gaz chemcal” қк ва “Ўзбекнефтегаз“ ОАЖ томонидан қурилган устюрт газ-кимё мажмуасига етказиб берилди. Ушбу мажмуа 5 та заводдан иборат: газ ажратиш станцияси, этилен заводи, полиэтилен ишлаб чиқариш заводи (мажмуанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 387 минг тонна полиэтиленни ташкил этади), полипропилен заводи (мажмуанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 83 минг тонна полипропиленни ташкил қилади) ва энергия таъминоти станцияси (кейин қайта ишлаш ва ёқилғи олиш учун бухоро нефтни қайта ишлаш заводига юбориладиган пиролиз дистиллати ва пиролиз ёғи).
Хорижий ва маҳаллий журналистлар Сургил газ конидан мазкур мажмуага йўл олди.
1 033
Е.Қаноатов, М.Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА