Тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Бош прокурор Н.Йўлдошев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда комиссия ва ишчи гуруҳ аъзолари иштирок этди.
Йиғилишда тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган фуқароларнинг жиноий жавобгарликдан озод этишни сўраб тақдим этган мурожаатлари Президентимизнинг 2018 йил 19 сентябрдаги “Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони талаблари асосида кўриб чиқилаётгани таъкидланди.
Қайд этилишича, Комиссия 5 нафар шахсни жиноий жавобгарликдан озод этиш ҳақида хулоса қилди. Шунингдек, жиноий жавобгарликдан озод қилинган 5 нафар фуқарони Ўзбекистонга қайтариш, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашишга қаратилган ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Бугунги кунда ушбу масала бўйича келиб тушган яна 6 та мурожаат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилмоқда.
Йиғилишда комиссия ва ишчи гуруҳ аъзоларининг келгусидаги вазифалари белгилаб олинди. Жумладан, фармон талабларини аҳолига етказиш бўйича тарғибот ишларини янада жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди.

 

ЎзА