Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ давлатлари Саноат хавфсизлиги кенгашининг XVII йиғилишида иштирок этди.
Йиғилишда ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги талаблари бажарилиши юзасидан тажриба алмашиш, авария ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, норматив ҳужжатларни такомиллаштириш каби масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг МДҲ давлатлари Саноат хавфсизлиги кенгашига тўлақонли аъзо бўлиши юзасидан фикр алмашилди ва бу масалани яқин кунларда ижобий ҳал қилишга келишиб олинди.
МДҲ давлатлари Саноат хавфсизлиги кенгаши идоралараро ҳамкорлик органи ҳисобланиб, ишлаб чиқариш объектларида содир бўлиши мумкин бўлган авария ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ҳаракатларини мувофиқлаштириб боради. Унга Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Молдова, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Украина аъзо ҳисобланади.
Бу кенгашга аъзолик ҳамкор давлатлар билан соҳага доир тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш, норматив-ҳуқуқий, норматив-техник ҳужжатларни мувофиқлаштириш, ўзаро тажриба алмашиш, халқаро ҳамкорлик учун идоралараро шартномавий-ҳуқуқий базани ривожлантириш, биргаликда тезкор ва тактик чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда кадрларнинг малакасини ошириш имконини беради.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилиниб, келгусида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсад қилинди.

 

ЎзА