Адлия вазирлиги: “Бизнес юритиш ва рўйхатдан ўтказишда Австралия ва Янги Зеландия давлатларининг тажрибаси қўлланилади”

Адлия вазирлиги томонидан “Адлия тадбиркорга дўст” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа тадбиркорлар билан дўстона муносабатда бўлиш, уларнинг таклифлари ҳамда фикрларини руёбга чиқаришга кўмак бериш ҳамда мазкур йўналишда барча давлат органларининг масъулиятини янада оширишга қаратилган.
Лойиҳани амалга ошириш бўйича жойларда 100 дан ортиқ ишчи гуруҳлар ташкил этилади ва 10 мингдан ортиқ тадбиркорлар иштироки қамраб олинади.
Хусусан, бугунги кунда ҳудудларда табдиркорлик муҳитини баҳолашга қаратилган ягона ёндашувнинг мавжуд эмаслиги, қуйидаги муаммоларга сабаб бўлмоқда.
Ҳар бир ҳудуднинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасига баҳо бериш бўйича индикаторлар ишлаб чиқилади ва миллий рейтинглар тузилади.
Хусусан, миллий рейтингларда тадбиркорларга ер ажратиш ва мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш ҳолатлари, лицензия ва рухсатномалар бериш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш жараёнларида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларнинг мавжудлиги асосий индикаторлар сифатида белгиланади.
Шунингдек, тадбиркорларга тезкор бепул ҳуқуқий маслаҳат берувчи тизимнинг мавжуд эмаслиги ҳамда Аdvice.uz ҳуқуқий ахборот порталининг ижобий амалиётдан келиб чиқиб, “advice for business” махсус интерактив ҳуқуқий порталини яратиш режалаштирилмоқда.
Порталда тадбиркорлик фаолиятининг барча жабҳаларини қамраб олувчи контентлар жойлаштирилади, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган шахсларнинг бизнес соҳасига кириши ва самарали фаолият юритишига хизмат қиладиган воситага айлантирилади.
Австралия ва Янги Зеландия давлатларининг тажрибасини ўрганган ҳолда бизнесни юритиш ва рўйхатдан ўтиш босқичлари янада соддалаштирилади. Бунда анъанавий усулда кўрсатилаётган давлат хизматларини хатловдан ўтказиб, уларнинг барчасини электрон-онлайн тарзда кўрсатишга ўтказиш ишлари олиб борилади.
Барча давлат органларини тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга чорлаш мақсадида “Сен тадбиркор учун нима қилдинг”, “Тадбиркор фаолиятига аралашма” шиорлари остида акциялар ва адлия сайллари тадбирлари ўтказилади.
Акция давомида барча давлат органларининг ҳисоботларини эшитиш, уларнинг фаолиятига баҳо бериш, давлат органларининг тадбиркорлик субъектлари олдидаги масъулиятини ошириш ва бу йўналишдаги ишларни таҳлил қилиш амалиёти йўлга қуйилади.
“Jamoatchilik” онлайн платформасига (www.jamoatchilik.uz) тушган тадбиркорларнинг фикри ва таклифлари асосида Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида юртимизнинг халқаро рейтингдаги ўрнини, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ва ишбилармонлик муҳитини мутлақо янги даражага кўтаришга ишонамиз.

 

ЎзА