Туркияда IX Халқаро билимлар олимпиадаси бўлиб ўтди. Анталия сайёҳлик академияси ҳамда Россиянинг EDUANT халқаро мактаби томонидан ташкил этилган олимпиадада юртимиз мактаб ўқувчилари ҳам муваффақиятли иштирок этди.
Тошкент шаҳридаги “Intellect” боғча-мактаб нодавлат таълим муассасасининг 25 ўқувчисидан иборат жамоа 6 олтин, 20 кумуш ва 23 бронза – жами 49 медални қўлга киритди. Улар умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади ҳамда математика, рус ва инглиз тиллари, тасвирий санъат бўйича тўртта кубокка сазовор бўлди.
Мамлакатимиз таълим тизимида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ёш авлодга дунё талабларига мувофиқ билим беришга йўналтирилган. Бугунги кунда таълимнинг барча бўғинларида ўқитиш стандартларини такомиллаштириш ва шу асосда замонавий ўқув дастурлари, режалари, дарслик ва қўлланмаларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ўз самарасини бермоқда. “Intellect” боғча-мактабининг муваффақиятли фаолияти бунга яққол мисолдир.
2008 йилда ташкил этилган мазкур нодавлат таълим муассасаси ўзининг юксак малакали педагогик жамоаси билан бошқа мактаблардан ажралиб туради. Улар ўқувчиларга билим бериш билан бирга, ҳар бир боланинг қобилияти ва иқтидорини рўёбга чиқариш учун қулай муҳит яратади. Бу ерда болаларнинг ахлоқий ва эстетик ривожланишига алоҳида эътибор қаратилади.
Мактаб ўқитувчилари анъанавий ўқитиш услубларига содиқ қолган ҳолда, инновацион ишланмаларни фаол қўллаб келмоқда. Ўқувчиларда эркинлик ва ташаббускорликни шакллантиришга алоҳида аҳамият қаратилади. Бу келажакда уларнинг муҳим ижтимоий ва профессионал вазифаларни амалга оширишига асос бўлади. Болаларда алгоритмларни ишлаш, масала тузиш ва уни ечишда амаллар кетма-кетлигини белгилаш, бошланган ишни ниҳоясига етказиш, матнларни онгли ўқиш ҳамда уларнинг маъносини чақиш, кузатиш объектларини тасвирлаш, уларни таққослаш, қиёсий натижалар бўйича шахсий мулоҳазаларни билдириш кўникмалари шакллантирилади.
Бошланғич мактаб таълим, тарбия, ривожлантириш, ҳаётни англаш ва маърифат сингари анъанавий таълимнинг барча таркибий қисмларини ўз ичига олади. Инглиз тили фани биринчи синфдан бошлаб ҳафтада тўрт маротаба, 2-синфда беш-олти мартагача ўқитилади.
– Мактабимизда ҳар бир болага алоҳида ёндашилади, – дейди “Intellect” нодавлат таълим муассасасининг директори ўринбосари Наталья Баннова. – Шу боис ўқувчиларимизнинг ўзлаштириши юқори. Мамлакатимизда болаларнинг фан олимпиадалари ва танловларда ўз иқтидорини намойиш этиши учун барча шароит яратилган. Ўқувчиларимиз бир неча йилдан буён ва халқаро миқёсдаги олимпиадаларда совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Биз ўқувчиларимиз билан фахрланамиз!
Мактабда кун тартибини самарали ташкил этиш, ақлий ва жисмоний вазифаларни тўғри тақсимлаш, инсон саломатлиги учун фойдали технологияларни жорий этиш, жамоада ижобий психоэмоционал муҳитни яратишга алоҳида эътибор қаратилади.
Бошланғич синф ўқувчилари уй вазифаларини мактабда куннинг иккинчи ярмида ўқитувчилари кузатуви остида бажаради. Бу ота-оналарга фарзандлари билан жонли мулоқот қилиш ва болалар ўйинлари учун янада кўпроқ вақт ажратишга имкон яратади. Бу эса бола руҳияти ва оила муҳитига ижобий таъсир кўрсатади.
IX Халқаро билимлар олимпиадасида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Туркия, Ўзбекистон, Украина мамлакатларидан беш юз нафар мактаб ўқувчиси математика, география, физика, кимё, биология, жаҳон тарихи, атроф-муҳит, тасвирий санъат, рус, инглиз ва турк тиллари бўйича ўз билимларини намойиш этди. Мазкур олимпиадада “Intellect” мактабининг директори ўринбосари Н.Баннова раҳбарлигидаги ўқувчилар математика, рус ва инглиз тиллари, тасвирий санъат фанлари бўйича илк бор иштирок этди. Ўқувчилар, шунингдек, “Олимпиада маликаси”, «Шон-шуҳрат дақиқаси», “Фотосуратлар танлови” сингари ижодий ва спорт мусобақалари, мини-футбол ва шахмат турнирларида ҳам фаол қатнашди.
Нигина Иноятова (тўртта медаль), Икром Юсупов (тўртта медаль), Жамола Миркомилова (учта медаль) ва Одил Муҳиддинов (учта медаль) IX Халқаро билимлар олимпиадасининг энг билимдон иштирокчилари деб эътироф этилди.
– Инглиз тилига жуда қизиқаман, – дейди мактабнинг 4-синф ўқувчиси Нигина Иноятова. – Олимпиадада инглиз тили бўйича биринчи, математика, рус тили ва тасвирий санъат бўйича иккинчи ўринни эгалладим. Дўстларим эришган ютуқлардан ҳам хурсандман. Бизга устозларимиз ва ота-оналаримизнинг кўмаги улкан мадад бўлди.
Иштирокчилар олимпиаданинг интеллектуал беллашувлар ҳафталигида нафақат катта тажриба тўплади, балки ижобий таассуротлар олди, янги дўстлар орттирди. Ўзбекистоннинг ана шундай ёшлари янги билим чўққиларни забт этиб, халқаро миёсда юртимиз шарафини ҳимоя қилиши шубҳасиз.