Туризм: сайёҳлар сони 10 миллионга етказилади, қандай?

Жорий йилнинг 1 октябридан Қарши, Нукус ва Термиз халқаро аэропортлари бешинчи эркинликка киритилиб, “Очиқ осмон” халқаро нормалари жорий этилади.
Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов иштирок этган матбуот анжуманида маълум қилинди. Унда Президентимизнинг жорий йил 13 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони хусусида сўз юритилди.
Мазкур ҳужжат туризм соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ва инфратузилмалар борасидаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, хизматлар сифатини яхшилаш, миллий туристик маҳсулотларни жаҳон бозорида фаол равишда илгари суриш каби йўналишларни қамраб олган.
Унда 2019-2025 йилларда соҳанинг юксалишига қаратилган бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилган. Хусусан, 2020 йилнинг 1 январидан хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил этиш туризм субъектлари ва авиаташувчиларнинг харажатлари қисман субсидия қилинади. Унинг бир қисми бюджет ҳисобидан қолгани туризмга тушадиган йиғимлардан қоплаб берилади.
Бу нимага керак, деган фикрларга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов шундай изоҳ берди.
– Кимдир 20 долларни бизга берса бўлмайдими дейиши мумкин, – дейди А.Абдуҳакимов. – Лекин бунинг алоҳида жиҳатлари бор. Мисол учун, битта рейсни ташкил этиш учун 3 минг доллар сарфланади. Унда 150 нафар одам келса ва ҳар бир сайёҳдан минг доллар қолса, юртимизга 150 минг доллар кириб келади. Ўртача 30 минг доллар солиқларга сарфланса ҳам 120 минг доллар қолади. Биз 3 минг бериб, шунча маблағни юртимизга киритамиз. Агарда мингта самолёт қўниб ўтса, қанча бўлади. Ўзингиз қолганини ҳисоб-китоб қилиб кўраверасиз.
Мазкур фармонда Коста-Рика, Ямайка, Мексика, Доминикан, Куба каби 20 мамлакат учун визасиз режим жорий этилиши белгиланган. Шунингдек, юртимизнинг тарихий ва афсонавий шахслари тўғрисидаги бадиий фильмлар, қисқа метражли ва ҳужжатли фильмларни суратга олиш учун грантлар ажратиш ҳам кузда тутилган.
Шу тариқа берилган имтиёзлар туфайли 2022 йилда юртимизга келаётган сайёҳларнинг сонини 10 миллион нафарга етказиш кўзда тутилмоқда. Агарда бу рақамнинг йил сайин ўсишига эътибор қиладиган бўлсак, 2016 йилда уларнинг сони атиги бир миллион 300 мингни ташкил этган.
Келгусида сайёҳлар сонини ортиши, уларнинг юртимизда бўлиш муддатини узайтириш ва хизматлар сифатини янада яхшилаш бўйича барча чоралар кўрилади.

 

Сайёра ШОЕВА, ЎзА