Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ ва Қўнғирот туманлари ҳудудида жойлашган Судочье кўллар тизимида жорий йил 4 июль куни содир бўлган ёнғин кўпчиликни бефарқ қолдирмади.
Икки кундан ортиқ вақт давом этган олов оқибатида 278 гектар майдондаги қамишзорлар ёниб кетган. Жиддий талафотлар, яъни одамларга ва ҳайвонот дунёсига зарар етмаганлиги ҳақида мутасадди ташкилотлар хабар қилишди. Лекин…
Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас яна ўша кўлдаги қамишзорларда ёнғин содир бўлиб, 2-3 гектар очиқ майдонда қамишлар ёнганлиги ҳақида хабар тарқалди.
4 июль кунги ёнғинни Орол денгизига бориб келаётган сайёҳлар расмга тушириб, Нукусга келгандан сўнг тарқатиб юбормаганда, яна қанча вақт хабарсиз қолиб кетишимиз мумкин эди – айтиш қийин. Ёнғин ҳақида ўз вақтида кўлдаги балиқчиларнинг хабар қилмагани эса тушунарсиз ҳолат. Эксперт гуруҳи анча кеч йўлга отланди. Судочье кўли Нукусга қарийб 200 километр. Унга Устюрт платоси орқали нотекис йўлларда борилади. Махсус транспортда камида 4 соатлик йўл. Етиб боргани билан сув ўртасидаги қамишзорларга кириб бориш ва ёнғинни бартараф қилиш ҳам осон иш эмас.
Қорақалпоғистон Республикаси Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси расмийлари қайд этишича, содир бўлган ёнғин қайиқларда сузиб борилиб ўчирилган. Оловнинг сўнишига шу кунлари ёғган ёмғир ҳам маълум даражада ёрдам берган бўлиши мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Судочье кўллар тизимида содир бўлган ёнғин оқибатлари ҳақида маълумот берди.
“Судочье” орнитологик буюртмахонаси ҳудуди ёввойи ҳолда яшовчи ондатра, ўрдак (бир неча турлари), ғоз, оққуш, бирқозон, фламинго ва бошқа ҳайвонот дунёсига бой. Ёнғинда уларга зарар етказилган ҳолат учрамаган. Чунки сувда сузувчи қушлар ва бошқа ҳайвонот турлари яшаш макони ва улар баҳор ойларида тухум қўйиб кўпаядиган ҳудуд ҳисобланади. Лекин ўрганиш давомида ҳайвонот дунёси нобуд бўлган ҳолат қайд этилмади. Чунки ҳозирги кунга келиб полапонлар катта бўлиб бемалол сувда сузиб юрадиган даражада ўсиб улғайган.
Кўпчилик ёнғин ҳақида хабар топиб қушларга қайғурган эди. Чунки кўлда 240 га яқин доимий яшовчи ва кўчманчи қушлар турлари қайд қилинган.
Бу кўллар тизими қушларнинг уя қўйиш, учиб ўтувчи қушларнинг дам олиш, учиш олдидан озиқланиш жойи бўлиб хизмат қилади.
Судочье кўллар тизимида Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига кирган 40 турдаги қушларнинг 30 тури, Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро ташкилотининг “Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги турларнинг Қизил рўйхати”га киритилган 24 турдаги қушнинг 18 тури яшайди.
Энди савол туғилади, шундай ёнғин, масалан, март ёки апрель ойида содир бўлганда нима бўлар эди? У пайтда қушларнинг полапонлари ҳали уясида яшаётган бўлади. Ахир, март-апрель ойларида Судочье кўлини миллионлаб қушлар макон қилади. Ёнғинни нима билан ўчиради? Автомашина тугул, одам ҳам қайиқ ҳам бора олмайдиган қалин қамишзор ёки ботқоқликлардаги ёнғинни фақат сув пурковчи самолёт ёки вертолёт ёрдамидагина бартараф қилиш мумкин. Лекин Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига киритилган Ёнғин хавфсизлиги бошқармасида бунақа транспорт йўқ.
Ҳар йилги куз мавсумида маҳаллий аҳоли томонидан молларга озуқа қилиш учун янгисини ўстириш мақсадида қамишзорлар ёқиб юборилар эди. Маълумки, бу пайтда ҳам Судочьеда қушлар салтанати ҳукм сураётган бўлади. Шимолга учиб кетган қушлар кузда яна жанубга қайтишида Судочьеда маълум вақт дам олиб кетади. Охирги йилларда фламинго қушларининг кўплаб келиши хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг ҳам ушбу кўлга қизиқишини орттирган эди.
Айтганча, бундан буён кўлдаги қамишлар саноат учун ҳам керак. Уларни одамларнинг ёқиб юбориши таъқиқланди. Жаримаси ҳам анча. Мўйноқда қад ростлаётган ДСП заводларига ишлатиладиган хом ашёнинг аксарияти айнан шу кўлдаги қамишлардан олинади. Ёнғин шундайлигича тез-тездан бўлиб турса, Судочьенинг тақдири нима бўлади? Хуллас, ушбу саволнинг боши ҳозирча очиқ қолиб кетмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, Мўйноқ тумани ҳудудидаги кўллар қамишзорларга бой. Ўзбекистон Республикасида мавжуд қамишзорлар майдонининг 57 фоизи, Қорақалпоғистон Республикасида мавжуд қамишзорлар майдонининг 78 фоизи Мўйноқ туманига, жумладан 50 минг гектардан ортиқ майдонга эга Судочье кўли ҳиссасига тўғри келади.
Мутахассисларнинг фикрича, кўлдаги муаммолар фақат бу эмас. Кўлдаги сувнинг барқарор бўлмаслиги ва ноқонуний овчилик ҳам табиатга анча зарар келтирмоқда. Масалан, 2014 йилда олимлар томонидан кўлдаги оролларда кўп сонли фламинго қушларининг уялари топилган бўлса, кейинги йилларда бундай ҳолат кузатилмаган. Чунки 2015 йилда сув кўпайиб кетиб, фламинго қушларининг уялари сув остида қолиб кетган. Кейинги йилларида сув кам бўлиб, ороллар ярим оролларга айланиб қолган ва унга ҳар хил йиртқич ҳайвонлар бемалол кириб келиб, тухумларини еб кетган. Ноқонуний овчилик эса қушлар сонининг камайиб кетишига олиб келмоқда.
Судочье кўлидаги балиқчилик хўжалиги ҳам кутган натижани бермайди.
Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти Қорақалпоғистон филиали ходими Е.Қурбанбаевнинг таъкидлашича, Тахиатош гидроузелидан келиб тушадиган дарё сувининг йилдан-йилга камайиб кетиши ва Судочье, Қаратерен, Жилтирбас кўллари юқори тузга эга коллектор сувлари билан таъминланганлиги ва тоза сув билан алмашиш имконияти бўлмагани боис улардаги сувнинг сифати пасайиб кетган. Шунингдек, 2003-2004 йилларда катта кўлларни кичик ижарачиларга бўлиб бериш даврида балиқларнинг миграция йўллари ҳисобга олинмаган ва фермерлар кўп йиллар давомида балиқ овлаш билан шуғулланиб, уларнинг сонини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш бўйича иш олиб бормаган.
– Судочье кўллар тизими аввал кўл “Мўйноқ аква саноат” ДУК ҳузурида эди ва энди давлат буюртма қўриқхонасига айлантирилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши экология ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш масалалари бўйича котибият мудири Асхат Салихов. – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан мазкур кўллар тизими Давлат экология қўмитаси тасарруфига берилди. Бундан буён ноқонуний овчилик ва қамишларни ёқиб юбориш батамом бартараф қилинади. Қамишларни ўриб олиш ҳам белгиланган тартибда амалга оширилади.
Илгари Судочьега Амударёнинг Раушан ва Примузяк каналлари орқали сув келиб, кўл Орол денгизи ҳавзаси билан боғланиб турган. Кўлнинг майдони 350 километр квадратга етган, энига ўртача 15 километр, узунлиги ўртача 250 километргача ва чуқурлиги 2 метргача бўлган.
Суви чучук бўлганлиги учун маҳаллий аҳоли томонидан “суви дуччи” дейилиб, кейинчалик “Судочье”га айланиб кетган.
1960 йилларда Орол денгизи сатҳининг пасайиши ва дарё суви оқимининг тўхтатилиши оқибатида Судочье қуриб кета бошлади. 1968 йилда саёз кўл алоҳида сув омборларига айланди. Бироқ айни пайтда, Судочье кўли коллектор-дренаж сувлари ҳисобига қайта тикланган, собиқ йирик кўл ўрнида 4 та сув омбори бор. Улар Ақушпа, Катта Судочье, Қаратерен ва Бегдулла-Айдиндир. 2000-2001 йилларда сув танқислиги туфайли ҳатто катта Судочье ҳам қуриб қолди.
Кейинчалик мазкур кўллар тизимига Судочье кўлини бошқариш қўмитаси, сўнг 2015 йилдан “Мўйноқ аква саноат” ДУК эгалик қилиб келган. Ҳозирда кўл ёқасидаги эски Урга қишлоғи ўрнида сайёҳлар учун шароит яратиш мақсадида туристик инфраструктура тортилиши режалаштирилган.
Есимхон ҚАНОАТОВ, ЎзА