Олий Мажлис Қонунчилик палатасида
2019 йил 12 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар.
Халқ вакиллари ишни қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган “Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланиши тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқишдан бошладилар. Таъкидлаш жоиз, 2019 йил 2 апрелда биринчи ўқишда қабул қилинган мазкур қонун лойиҳаси устида узоқ ишланди, унда ўз аксини топган нормалар маромига етказилди, депутатлар томонидан билдирилган таклифлар асосида янги тушунчалар киритилди. Қонуннинг мақсади “овқатланиш” жараёнини тартибга солиш эмас, “озуқалар”га, бошқа предметларга бағишланганини қайд этиб, депутатлар лойиҳа номи мазмунига мос бўлиши учун унинг номини ўзгартириш кераклигини зарур деб ҳисобладилар. Шу тариқа лойиҳанинг мазмуни ва нормаларидан келиб чиқиб, қонуннинг номи “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида” дея қайта номланди. Аслида ҳам, қонун лойиҳаси болаларни озиқлантириш жараёнига эмас, балки улар истеъмол қиладиган озуқаларга, она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ва гўдакларнинг озиқ-овқатига қўйиладиган талабларни тартибга солувчи нормаларни ўз ичига олган.
Таъкидлаш жоиз, мазкур лойиҳани маромига етказишда депутатлар баҳс-мунозараларга сабаб бўлган барча моддаларни атрофлича муҳокама қилиб, пишиқ-пухта ҳолга келтирди. Норма ижодкорлиги талаблари асосида ҳаволаки нормалар чиқариб ташланди ва улар ўрнига тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар киритилди.
Депутатлар таъкидлаганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатда соғлом насл ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган қатор тадбирларнинг мантиқий давоми ҳамда қонуний асоси бўлиб хизмат қилади.
Шундан сўнг депутатлар “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси бюджетини шакллантириш ва ижро этишнинг янги механизмларини жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилдилар. Мазкур ҳужжат Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган бўлиб, қонун лойиҳаси “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш” йили Давлат дастурининг 7-бандида белгиланган парламент палаталари бюджетларини шакллантиришнинг янги механизмларини яратиш ҳамда унинг ижросини таъминлашга қаратилгандир. Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистонда парламентнинг тўлиқ молиявий мустақиллиги, парламент назоратини таъминлашда асос бўладиган, энг муҳими, тараққиёт учун хизмат қиладиган бир-бирини тийиш ва мувозанатни сақлаш тизими амал қилишини таъминлайдиган нормалар таклиф этилмоқда. Жумладан, парламент фаолияти билан боғлиқ бўлган харажатларни ҳар бир ҳолатда молия органлари билан узоқ вақт ўтказиладиган келишув жараёнларига чек қўйиш, хусусан, кейинги йилдан бошлаб давлат бюджетида Олий Мажлис палаталарининг харажатларини алоҳида сатр билан белгилаб қўйиш, смета харажатларини парламент палаталари Кенгашлари томонидан тасдиқлаш, шунингдек, парламентлараро ва халқаро ҳамкорлик бўйича муҳим тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш кафолатларини яратиш кўзда тутилмоқда. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Мажлисда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари тизимининг изчиллигини, доимийлик хусусиятини, умумий қамрови ва мажбурийлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Фуқаролик ҳолати далолатномалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди. Қонун лойиҳаси фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини унификациялаш, шунингдек, фуқароларнинг фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини қайд этиш, тузатиш, ўзгартириш, тиклаш ва бекор қилиш соҳасида вужудга келадиган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилганлиги билан долзарблиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, ушбу лойиҳанинг қабул қилиниши фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этувчи барча органларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, ФҲДЁ органлари ходимларининг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш бўйича хизмат кўрсатиш жараёнидаги жавобгарлигини белгилайди. Шунингдек, барча фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тартибини аниқлаштириш имконини беради. Қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган қонун лойиҳаси масъул қўмитага маромига етказиш учун қайтарилди.
Мажлис кун тартибига киритилган навбатдаги масала – “Мудофаа тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қизғин муҳокама қилинди. У “Мудофаа тўғрисида”ги қонунга мудофаани ташкил этишнинг ҳамда Қуролли Кучларни бошқаришнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш, мамлакат мудофаасини таъминлашда давлат органларининг ваколатларини, шунингдек, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, ташкилотлар ва фуқаролар иштирокини аниқлаш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритиш эҳтиёжидан келиб чиқиб тайёрланган.
Депутатларнинг қайд этишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши юртимизнинг мудофаа соҳасидаги қонунчилик тизимини янада такомиллаштириш, мамлакатни мудофаага тайёрлашга қаратилган масалаларни тартибга солишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди. Биринчи ўқишда муҳокама қилинган мазкур қонун лойиҳаси билан муддатли ҳарбий хизматни оддий аскарлар таркиби лавозимларида ўтаётган ҳарбий хизматчилар, жумладан, олий маълумотли шахслар учун муддатли ҳарбий хизматни чақирув бўйича офицерлар таркиби лавозимларида ўтаётган офицерлар учун – ўн икки ой этиб белгиланмоқда.
Кун тартибидаги навбатдаги масала – “Халқаро узумчилик ва виночилик ташкилотини таъсис этиш тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Мазкур лойиҳа Президентимизнинг 2018 йил 28 февралдаги «Виночилик соҳасини ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, депутатларнинг қайд этишича, Халқаро узумчилик ва виночилик ташкилотига аъзо бўлиш мамлакатда мазкур соҳани янада ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади. Жаҳон ҳамжамияти билан ахборот ва тажриба алмашиш, маҳсулотларни ҳалқаро стандартларга уйғунлаштиришда кўмаклашади, янги стандартларни ишлаб чиқиш, узумчилик ва виночилик соҳасида халқаро экспертлар ёрдамидан кенг фойдаланиш имконини беради.
Мажлисда парламент қуйи палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати
ЎзА