Йўллар тасодифлардан холи эмас албатта. Лекин бировнинг айби билан кимнингдир ҳаётдан кўз юмиши кечирилмас ҳол.
Тошкентнинг чекка кўчаларидан бирида катта тезликда келаётган енгил машина билан йўлни югуриб кесиб ўтмоқчи бўлган икки кишининг тўқнашуви бир қарашда бахтсиз тасодиф. Бироқ, ярим тунда улар нега бунчалар шошди? Ҳайдовчи сал секинроқ ҳаракат қилганида ёки пиёдалар эҳтиёт бўлиб йўлдан ўтганида бўлмасмиди?
Албатта, шундай қилиш мумкин эди. Лекин кўп ҳолларда одамлар амал қилиши керак бўлган ана шундай оддий қоидаларга бўйсунишни негадир истамайди.
Юқоридаги ҳолатда ҳам йўлга югуриб чиққан икки пиёда ёш бола эмас, балки ҳар бири бир ёш оиланинг бошлиғи эди. Минг афсуски, ўша бахтсиз тасодиф фожиали якун топди. Бири шифохона йўлида, иккинчиси операция столида жон таслим қилди.
Суднинг “қора курси”сида ўтирган ёш ҳайдовчи эса атроф қоронғи бўлгани, тун ярмида кимдир йўлга югуриб чиқишини хаёлига ҳам келтирмагани, тезликни “билмай” оширганини айтиб, тинмай кечирим сўрайди. Лекин энди ҳеч нарсани ортга қайтариб бўлмайди…
– 1995 йилда туғилган судланувчи Б.М. ўша воқеадан кейин у эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган, – дейди Жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди судьяси Ғафур Омонов. – Судланувчи “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 11-қисми “г” банди, 77-банди 1 ва 3-қисмлари талабларига риоя қилмасдан ҳаракатланиши натижасида “Асробод” маҳалласи бекатида йўлни кесиб ўтаётган икки пиёдани уриб юборган.
Суд тиббиёт экспертизасининг хулосаларига кўра, А.К. ва К.З.нинг мазкур йўл-транспорт ҳодисасида оғир тан жароҳатлари олганлиги оқибатида ўлими юзага келганлиги аниқланган.
Ушбу жиноятни судда кўриб чиқиш асносида судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, жабрланувчи қонуний вакилларидан кечирим сўрагани, уларга зарур ёрдам кўрсатилганини маълум қилиб, енгиллик беришни сўради. Жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари ҳам судда судланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини маълум қилишди.
Қонуний вакиллар жондан азиз инсонлари ҳаётни тарк этган, бунга сабабчи бўлган одам қаршиларида ўтирган бўлса-да, энди аламдан ёки қасосдан ҳеч қандай фойда йўқ, дейишдими ёхуд яна бир оиланинг устунини барбод қилишни исташмадими?
Суд судланувчининг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, турар жойидан ижобий тавсифлангани, муқаддам судланмагани, ёшини, жабрланувчилар қонуний вакилларининг унга нисбатан моддий ва маънавий даъвоси йўқлигини эътиборга олди. Буларни Жиноят кодексининг 55-моддасида назарда тутилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида эътироф этиб, содир этилган жиноятнинг оғирлик даражаси ва хусусиятини ҳамда судланувчига маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган кафолат хатини инобатга олиб, кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда у айбли, деб топилаётган модда санкциясида назарда тутилмаган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлашни лозим топди.
Шунингдек, суд ушбу талабларидан келиб чиқиб, судланувчига Жиноят кодекси 45-моддасини қўллаб, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо тайинлади.
Демак, суд ҳукмига кўра, судланувчига 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Б.М.га нисбатан тайинланган эҳтиёт чораси бекор қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА