Афғонистонликлар Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган автомобилларга қизиқишмоқда

Енгил автомашиналар, “СамАвто” қўшма корхонаси автобуслари, самосваллар, пахта тозалаш ускуналари, тракторлар, универсал чопиқ ускуналари, культиватор ва сеялкалар, пахта териш комбайнлари, турли русумдаги тракторлар афғонистонликлар эътиборини тортди.
Афғонистон Ислом Республикасининг Мозори-Шариф шаҳрида 1-2 июль кунлари “Made in Uzbekistan” миллий маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу тадбирнинг тантанали очилиш маросимида икки давлат расмий делегациялари вакиллари иштирок этди.
Қазилма хомашёлар, автомобилсозлик ва машинасозлик, нефть-газ, электротехника, аграр сектор ва озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари, тўқимачилик саноати, чарм-пойабзал, фармацевтика, халқ амалий санъати, тиббиёт ва таълим, транспорт хизматлари каби ўндан зиёд бўлимда намойиш этилган Ўзбекистон маҳсулотлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
7.JPG
Экспортга йўналтирилган маҳсулотларга оид фото ва видеоматериаллар, каталогларда юртимиздаги корхоналар ва уларнинг салоҳияти ҳақида батафсил маълумотлар акс эттирилди.
Айниқса, юртимизда ишлаб чиқарилган енгил автомашиналар, “СамАвто” қўшма корхонаси автобуслари, самосваллар, пахта тозалаш ускуналари, тракторлар, универсал чопиқ ускуналари, культиватор ва сеялкалар, пахта териш комбайнлари, турли русумдаги тракторлар кўпчилик эътиборини тортди.
Мазкур кўргазма асносида қатор шартномалар имзолангани мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этганидан далолат бўлди.
Кўргазма доирасида ташкил қилинган икки томонлама бизнес-форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов бошчилигидаги мамлакатимиз расмий делегацияси иштирок этди.
10.JPG
Форумни ўтказишдан кўзланган мақсад икки мамлакатнинг савдо- иқтисодий муносабатлари ва экспорт салоҳиятини янада ривожлантиришдир. Ўзбекистоннинг ривожланган саноати, транспорт ва энергетика соҳасидаги салоҳияти, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига Афғонистонда катта қизиқиш билан қаралади.
Ўзбекистон ва Афғонистоннинг иқтисодий ҳамкорлиги савдо, иқтисодиёт, энергетика, транспорт, транзит каби соҳаларга оид ҳужжатлар асосида қарор топган.
Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси, мева-сабзавот, нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар экспорт қилмоқда. Қўшни юртда қурилиш, энергетика, тоғ-кон саноати ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиб келмоқда. Ўзбекистоннинг бевосита иштироки ва ёрдами билан Ҳайратондан Мозори-Шарифгача темир йўл линияси, кўприклар, юқори вольтли электр линиялари, оптик толали кабель ва сув таъминоти тармоқлари қурилган.
Айни пайтда савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш учун амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ўзбекистон Афғонистон бозорига машинасозлик, электротехника, кимё ва тўқимачилик маҳсулотлари, замонавий енгил ва юк машиналари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникаси, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, озиқ-овқат етказиб бериши мумкин.
Форумда автомобилсозлик, фармацевтика, транспорт ва логистика, тўқимачилик, озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотлари савдоси бўйича тақдимотлар ўтказилди. Термиз шаҳрида ташкил этиладиган “Ўзбекистон – Афғонистон” чегараолди савдо ҳудуди бўйича тайёрланган видеолавҳа намойиш этилди.
5.JPG
30.jpg

 

А.ҒАФФОРОВ, А.АБДУЛЛАЕВ, ЎзА