Сайтимизда «Colgate» vs «Galaxy» МЧЖ нега Давлат рақобат қўмитасини судга берди?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Юнусобод туман маъмурий судида кўрилиши бошланган мазкур маъмурий иш кўплаб ўқувчиларимизни қизиқтирмоқда.
Ҳамюртларимиз иш юзасидан холис ва ҳаққоний ахборотга эга бўлиши мақсадида Олий суд Матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилди:
«Аниқланишича, жорий йилнинг май ойида Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси вакиллари “Torimed Pharm” (Galaxy) МЧЖга нисбатан “Golgate-Palmalive (Colgate) компаниясининг товар белгиси бўйича аризасини кўриб чиқиб, тегишли қарор қабул қилинган.
Унга кўра, “Torimed Pharm” (Galaxy) МЧЖ “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддаси биринчи қисми учинчи хатбошиси талабларини бузганлиги қайд этилган. Яъни компания инсофсиз рақобатчи деб топилган.
Шунингдек, жамиятга қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш, келгусида шу каби хатоларга йўл қўймаслик юклатилган. Мабодо, МЧЖ бошқарма қароридан норози бўлса, тегишли тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.
“Torimed Pharm” (Galaxy) МЧЖ ўз ҳуқуқидан фойдаланиб, мазкур қарор юзасидан судга мурожаат қилган.
Аризачи “Dentafill Plus” МЧЖ (“Torimed Pharm”нинг ҳуқуқий вориси) жавобгар Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига нисбатан мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан Яшнобод туман маъмурий судига шикоят ариза билан мурожаат қилган.
Яшнобод туман маъмурий судида иш ҳажми кўплиги сабабли иш мазмунан кўриб чиқиш учун Юнусобод туман маъмурий судига юборилган.
Суд мажлиси 2019 йил 28 июнь куни соат 12:00 га тайинланиб, ишни мазмунан кўриш бошланган. Айни чоғда белгиланган тартибда ҳужжатларни талаб қилиб олиш учун ишни кўриш 2019 йил 4 июль куни соат 11:00 га қолдирилган.
Эслатиб ўтамиз: амалдаги “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида” ги қонуннинг 6-моддаси 3-қисми талабига мувофиқ, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади», дейилади Олий суд Матбуот хизмати маълумотларида.
Бизни кузатишда давом этинг, ушбу масала юзасидан суд ишлари билан боғлиқ маълумотларни бериб борамиз!
ЎзА