Кенг ва равон йўллар юрт тараққиётига хизмат қилади

Давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятининг Қибрай ва Юқори Чирчиқ туманлари ҳудудида қурилган янги автомобиль йўлини бориб кўрди. Чирчиқ дарёси устига қурилган кўприк билан танишди.
19,2 километр узунликдаги янги қурилаётган автомобиль йўли “Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси буюртмаси асосида Тошкент кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан барпо этилмоқда.
Қурилиш ишлари уч босқичда амалга оширилиши белгиланган мазкур лойиҳа давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда. 1-2 босқичга 306 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
1.jpg
Биринчи босқичда автомобиль йўлининг 12,1 километр масофасида ер ишлари, қум-шағал аралашмасидан ва М-75 маркали бетондан асос қуриш, сунъий иншоотлар қуриш ва 2 та жойда кўприк қуриш ишлари якунланган. Автомобиль йўли устига 9 сантиметр қалинликда йирик донали асфальтбетон ва 6 сантиметр қалинликда майда донали асфальтбетон қоришмасини ётқизиш, автомобиль йўлининг ёритиш тизимини ҳамда пиёдалар йўлагини қуриш ишлари давом этаётир.
Йўл 6 палосали бўлиб, кўприк замонавий андозалар асосида қурилган. Икки четида пиёдалар учун махсус йўлаклар барпо этилган.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида 6,5 километр узунликдаги автомобиль йўлини қуриш белгиланган бўлиб ҳозирги кунда ер ишлари, қум-шағал аралашмасидан асос ва сунъий иншоотларни қуриш ишлари бажарилмоқда.
Биринчи ва иккинчи босқичда белгиланган ишлар жорий йилнинг тўртинчи чорагида якунланиб фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Президент йўллар қурилишини изчил давом эттириш, бу соҳада сифатни таъминлаш учун малакали кадрлар тайёрлаш зарурлигини таъкидлади. Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институтида Германиянинг ўқитиш тизимини жорий қилиш, шу соҳада ўрта мутахассислар тайёрлайдиган минтақавий коллежлар ташкил этиш бўйича тавсиялар берди.
2.jpg

 

А.ҒАФФОРОВ, ЎзА