Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 июнь куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги Тошкент механика заводида ташкил этилган технопарк билан танишди.
Тошкентнинг саноат, транзит-логистика, инфратузилма борасидаги имкониятларидан унумли фойдаланиб, юқори қўшимча қийматга эга бўлган илғор технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортини кенгайтириш, пойтахтимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Хусусан, улкан майдон, бўш бино ва иншоотлар, зарур йўлларга эга бўлган Тошкент механика заводида хорижий инвестиция жалб қилиш ва ишлаб чиқариш турларини кўпайтириш учун барча имкониятлар мавжуд. Ҳозирги вақтда завод ҳудудида ўндан зиёд корхона фаолият юритиб, уларда икки ярим мингдан ортиқ киши меҳнат қилади. Завод ҳудудида ташкил этилган технопаркда 2019-2020 йилларда умумий қиймати 385 миллион доллардан зиёд бўлган 16 корхонани ишга тушириш режалаштирилмоқда.
Ушбу корхоналарда йилига 1 миллион донадан зиёд кир ювиш машинаси, 1 миллионта ошхона плитаси, яна шунча маиший совуткич, савдо расталари учун 75 минг дона совуткич ва музлаткич, 700 мингта электр сув иситгич, 550 мингта сув насоси, 80 минг дона саноат кондиционери, 2 мингта лифт ва эскалатор, шунингдек, алюмин ва биметалл радиаторлар, эшик-ром фурнитуралари, сэндвич-панеллар, линолеум ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш мўлжалланган. Тўққиз мингга яқин иш ўрни яратиш, йилига қарийб 185 миллион долларлик товарни экспорт қилиш кўзда тутилган.
Президентимиз корхоналар барқарор ишлаши учун доимий харидор кераклигини, чет эллардаги корхоналар билан келишиб, уларга зарур маҳсулот ва эҳтиёт қисмларни тайёрлаб бериш мумкинлигини таъкидлади. Янги лойиҳалар ишлаб чиқиш, уларни аҳолининг ишга талаби ва мавжуд ресурслардан келиб чиқиб, оқилона жойлаштириш бўйича топшириқлар берди.
Тошкент механика заводини икки босқичда ривожлантириш режалаштирилган. Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига мувофиқ, ушбу ҳудудга биринчи босқичда 500 миллион доллар, иккинчи босқичда яна 500 миллион доллар, жами 1 миллиард АҚШ доллари йўналтирилади. Бунинг натижасида 20-25 мингта иш ўрни яратиш мўлжалланаяпти.
Шу ерда Тошкент шаҳри туманларига тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш ва ҳудудий экспорт ҳажмини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
2019 йилги Тошкент шаҳар инсвестиция дастурига умумий қиймати 2,7 миллиард долларлик лойиҳалар киритилган бўлиб, уларнинг ижроси доирасида 1,8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилинади. Дастурга мувофиқ жорий йилнинг биринчи ярмида қарийб 1 миллард доллар маблағ ўзлаштирилиб, саноат, хизмат кўрсатиш, уй-жой қурилиши каби соҳаларда йирик лойиҳалар амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбарига дастурнинг туманлар кесимидаги ижроси, шунингдек, унга қўшимча лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Жами 35 миллион долларлик ушбу лойиҳалар эвазига Сергели туманида полимер меъёрлагич ва пластификаторлар, безакли плита ва мозаикалар, Бектемир туманида лед чироқлари, алюмин жиҳозлар, тўқимачилик буюмлари, Мирзо Улуғбек туманида қурилиш материаллари, Яшнобод ва Олмазор туманларида қандолат маҳсулотлари, Яккасарой туманида спорт гиламлари, резинали плиткалар ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилади. Бу каби истиқболли лойиҳалар бошқа туманларда ҳам ишга туширилади.
Шавкат Мирзиёев 2020 йилги инвестиция дастурини ҳозирдан шакллантириш, унда замонавий технологияларни олиб келиш ҳисобига экспортбоп маҳсулотларни кўпайтириш ва янги иш ўринлари яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.