Шавкат Мирзиёев: Янги марказ Ўзбекистондаги диний таълим муассасаларига замин бўлади

Давлатимиз раҳбари ўтган йил июнда Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази қурилишига рамзий тамал тоши қўйган, декабрь ойида бу ерга яна бир бор ташриф буюриб, юртимиз тарихини даврлар бўйича, ҳар бир алломага оид манбалар ва ашёлар асосида намойиш этиш, қурилишни такомиллаштириш бўйича тавсиялар берган эди. 
Ўтган давр мобайнида бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Иморат ертўласи ва деворлари қурилди, айни пайтда том қисми металл конструкцияларини монтаж қилиш ва бетон тўшама ишлари олиб борилмоқда.Уч қаватли марказ лойиҳаси шарқона услубда бўлиб, ундан маросимлар ва вақтинчалик кўргазмалар заллари, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни таъмирлаш бўлимлари, дўконлар, музей омборлари, хизмат хоналари ўрин олади. Иккинчи қаватда кутубхона, 550 ўринли анжуманлар зали, бинонинг симметрик марказида Усмон Қуръони зали жойлашади. Учинчи қават ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва бошқа хоналарни ўз ичига олади.

fe3825e6-a8a1-2dd2-9e44-ac38a692ee80.jpg

Бугунги кунда франциялик мутахассислар билан ҳамкорликда бинонинг дизайни лойиҳасини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Фасад ва залларни бадиий безаш, керамика ишлари бўйича намуналар тайёрланди.

Президентимиз қурилишни кўздан кечирди, бинонинг ички ва ташқи кўриниши, гумбаз ранглари учун танланган намуналар билан танишди. Ушбу марказ ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини ўрганадиган, динимизнинг асл моҳиятини халқимизга етказадиган илмий-маърифий маскан бўлиши кераклиги таъкидланди.

– Юртимиздаги еттита ўрта махсус диний билим юрти ва иккита олий таълим муассасаси бу ерда “қайнаши керак”, уларга ҳам жой бериш керак. Чунки келгусида илм шу ерда бўлади, талабалар олган билимини марказдаги буюк аждодларимиз меросига оид қимматли далиллар билан мустаҳкамлайди, – деди давлатимиз раҳбари.

aac38081-f273-61ec-cf77-4eba7d3d0c4a.jpg

Алломаларимизнинг буюк меросини ёш авлодга сингдириш учун залларга уларнинг ҳайкали, илмий кашфиётлари, қўлёзмалари нусхалари, ўша даврга оид тарихий ашёларни қўйиш бўйича тавсиялар берилди. Бу жамиятда “жаҳолатга қарши – маърифат” тамойилини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

– Бу марказ орқали миллатимизнинг илм-маърифат, маданият ривожига қўшган ҳиссани муҳрлаб қўймоқчимиз, бу улуғ меросни халқимизга, ёшларимизга етказмоқчимиз. Ислом цивилизацияси маркази шу йўналишдаги илмий муассасалар учун фундаментал база бўлиши лозим. Ўзбекистон халқаро ислом академиясидаги ўқув ишлари бу марказ билан ҳамоҳанг бўлиши, талабалар юқори курсларни шу ерда ўқиб, ўқитувчилар малака ошириши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

183d0940-8597-ff75-29fb-057e14e4dde0.jpg
390837fc-3a9b-bc08-24e0-319ce244d92d.jpg
9f7462af-6bd9-b65e-2e5a-8c9f38fe0473.jpg
a7e19d35-bde5-1a7a-7a2f-6cfe9c4cf2dc.jpg
5dbe7204-6b82-abc4-b9f5-dcca465118e2.jpg
650cccae-2685-e1fa-93b7-b5cd07e81fa4.jpg
9617dfca-04d2-30c3-be24-bb0b8ac3b889.jpg
59d2b883-b570-7849-09d0-b1f0c8e4b25e.jpg
0bddcadd-7a8d-2bbd-5cdd-47dd0e03820e.jpg
da30e075-0924-4557-5e02-edcc2b7cdb37.jpg

 

Матназар ЭЛМУРОДОВ, ЎзА