Ўзбекистон ва Россия Президентларининг телефон орқали мулоқоти

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 июнь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали сўзлашди.

Президентлар жорий йил 14-15 июнь кунлари Бишкек ва Душанбе шаҳарларида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ва Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммити якунлари юзасидан фикр алмашдилар.

Суҳбатда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Иқтисодиётнинг турли тармоқларида устувор лойиҳа ва дастурларни, жумладан, жорий йил 30 май куни Урганч шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг биринчи мажлисида эришилган келишувларни амалга ошириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Президентлар халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликка доир долзарб масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.

 

ЎзА