Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ЭКСПО-2017 халқаро кўргазмаси очилиш маросимида иштирок этди

Остона, 9 июнь. ЎзА махсус мухбири Абу Бакир Ўрозов хабар қилади.

Кўргазмада Ўзбекистон, Россия, АҚШ, Хитой, Германия, Буюк Британия, Франция, Япония, Жанубий Корея, Туркия, Ҳиндистон, Вьетнам, Арманистон, Покистон, Озарбайжон, Беларусь, Куба, Туркманистон, Руминия, Бразилия сингари 120 дан зиёд давлат ўзининг технологик, илмий, маданий ютуқларини намойиш этмоқда.

9 июнь куни ЭКСПО-2017 халқаро кўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Кўргазманинг асосий мавзуси “Келажак энергияси” деб номланган. Энергия истеъмоли муаммоси жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётгани энг долзарб масалалардан биридир. Бу борада дунё ҳамжамияти томонидан самарали фаолият олиб борилмоқда.

Кўргазмада Ўзбекистон фаол иштирок этаётгангани экспертлар томонидан эътироф этилмоқда. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг намойиши учун икки қаватли бино ажратилган.

Ўзбекистон павильонининг биринчи қавати 630 квадрат метр майдонни эгаллаган. Бу ерда қуёш, шамол ва сув, яъни келажак энергияси маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

Мамлакатимиз павильонидан ўрин олган қуёш энергияси стенди 2030 йилда автомабилларни қуёш нури ёрдамида қандай қувватлантириш мумкин экани амалда намойиш этилмоқда ва бу кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотаётир.

Умумий майдони 550 квадрат метрни ташкил этган иккинчи қаватда мамлакатимизнинг транспорт ва логистика, туризм соҳалари ҳамда озиқ-овқат, вино ва шарбат тайёрлаш саноатида эришилган ютуқлар, миллий таомларимиз намойиш этилмоқда.

 

Temur Qurbonboyev (surat), O‘zA