Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали Президентимизнинг Бешта ташаббусини ҳаётга самарали татбиқ этиш масаласи хорижий экспертлар билан муҳокама қилинганини маълум қилди.
«Лойиҳанинг стратегик йўналишлари, чет эл тажрибаси ва ундан фойдаланиш бўйича фикр алмашдик, – дея ёзади С. Мирзиёева. – Ёдингизда бўлса, Бешта ташаббусни, энг аввало, мактаблардан бошлаш ғояси илгари сурилган эди. Ўтказилган ўрганишлар натижасида айрим жойларда шароит оғир эканлиги, кўплаб мактаблар таъмирталаб, ўқув дарсликларининг етишмаслиги, китоблар сифати жуда паст эканлиги, айрим мактабларда дарслар уч сменада ўтилишини кўрдик.
Бу йилдан бошлаб мажбурий ягона мактаб формаси жорий этилиши режалаштирилган. Лекин мавжуд камчиликларни тузатмай туриб, мажбурий форма талаб қилинишига ҳали эрта деб ўйлаймиз.
Қисқасини айтганда, олдин шароит, кейин талаб. Албатта, бу осон иш эмас».
С. Мирзиёеванинг таъкидлашича, издан чиққан таълим тизимини тузатиш жуда катта маблағ, бир неча йил вақт ва илмий ёндашувни талаб қилади. Бу йўлда хатолар ҳам бўлиши мумкин, чунки бу – жараён. Бироқ ҳозир шу ишларни бошламасак, эртага масала янада мураккаблашади.
⠀
Бу йўлда барчани ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилишга чорлаган Саида Мирзиёева мутассади вазирлик ва идоралар мутахассислари томонидан юқоридаги масалалар юзасидан Ҳукуматга тегишли таклифлар киритилганини маълум қилади.
ЎзА