Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.
Тақдим этилган ҳисобот палатанинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида, сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳи, парламент қўмиталарининг мажлисларида дастлабки тарзда кўриб чиқилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил биринчи чорагидаги ижроси юзасидан ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсунов тақдим этди.
Йиғилишда таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларини тубдан ривожлантириш бўйича олиб борилган ислоҳотлар ижроси 2019 йил биринчи чораги давомида иқтисодиётнинг барқарор, мувозанатлаштирилган ҳолда ривожланиши ҳамда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлади.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш давомида депутатлар Давлат бюджети даромадларининг шаклланиши ва харажатларининг сарфланиши ҳолатини таҳлил қилдилар. Унга кўра, жорий йилнинг 1-чорагида Давлат бюджети даромадлари 23 триллион 65,9 миллиард сўмни ташкил қилди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 62,9 фоизга ўсди ҳамда белгиланган 21 триллион 123,6 миллиард сўм режа 1 942,3 миллиард сўмга ортиғи билан ёки 109,2 фоизга бажарилган. Ўз навбатида, Давлат бюджети даромадларининг Ялпи ички маҳсулотдаги улуши 25,3 фоизни ташкил қилган.
Ҳисобот даврида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилгани сақлаб қолинди. Давлат бюджетининг барча даражасида мутаносибликни таъминлаш, саноат ва хизматлар кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш ҳисобига маҳаллий бюджетлар даромад базасини мустаҳкамлаш, бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, Президент ва Ҳукумат томонидан белгиланган вазифаларни бажариш Давлат бюджети ижросининг устувор йўналишлари бўлди.
Шу билан бирга, 2019 йилнинг 1-чораги мамлакатимизнинг сиёсий ва иқтисодий ҳаётида яна бир муҳим воқеа билан ёдда қолганлигини таъкидлаш лозим. Жорий йилнинг 13 февраль куни Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта 5 йиллик 500 миллион долларлик евробондларни 4,75 фоиздан, 10 йиллик 500 миллион долларлик евробондларни эса 5,375 фоиздан Европа бозорига жойлаштирди. Бу эса давлатимизга кўплаб иқтисодий имкониятлар эшигини очиб беради.
Депутатлар Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг жорий йил биринчи чорагидаги ижроси якунларини муҳокама қилар экан, кейинги пайтларда мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга, хусусан, меҳнатга ҳақ тўлаш ҳамда пенсиялар тайинлаш тизимини такомиллаштириш масалаларига катта эътибор қаратилаётганини таъкидладилар.
Хусусан, жорий йил 21 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Қайд этиш жоизки, илгари ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини аниқлаш борасида жуда кўп саволлар туғилар, муаммолар юзага келар эди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони билан тартиб-таомиллар такомиллаштирилиши муносабати билан бу борадаги масалалар ҳам ўз ечимини топадиган бўлди.
Депутатлар парламент аъзолари томонидан жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш ҳамда назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириш жараёнларида Давлат бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, ҳудудларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш борасида ҳали ечимини кутаётган масалалар борлигига ҳам эътибор қаратдилар. Шу билан бирга, ҳудудларнинг ресурс салоҳиятини тўлиқ амалга ошириш, бюджет маблағларидан янада самарали фойдаланишни таъминлаш, маҳаллий бюджетлар даромадини ошириш борасида жойларда мавжуд имконият ва резервларни тўла ишлатишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Муҳокамалар давомида депутатлар маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини ошириш, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида, сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини кучайтириш, бунинг учун халқ депутатлари тегишли Кенгашлари билан ҳамкорлик қилиш юзасидан аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарурлигини таъкидладилар.
Мажлис якунларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот юзасидан тегишли қарор қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати
ЎзА