Шавкат Мирзиёев Испания Қироли билан учрашди

Остона, 9 июнь. ЎзА махсус мухбири Абу Бакир Ўрозов хабар қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг Остона саммити доирасида Испания Қироли Филипп VI билан музокара ўтказди.

Ўзбекистон раҳбари мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик муносабатлари узоқ ўтмишга бориб тақалишини таъкидлади.

Олти аср муқаддам Соҳибқирон Амир Темур ва Кастилия қироли Энрике III саъй-ҳаракати билан Самарқандда ва Кастилия пойтахти Сеговияда элчихоналар таъсис этилган. Ўзаро ҳамкорликнинг бугунги юксак даражасига Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ва Қирол Хуан Карлос I ўртасида қарор топган алоҳида муносабатлар туфайли эришилди.

Шавкат Мирзиёев ва Филипп VI суҳбатда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама этиб, халқаро аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Томонлар давлатлараро алоқаларни кенгайтиришда олий даражадаги мулоқот муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Ташқи сиёсат маҳкамаларининг мунтазам маслаҳатлашувлари нафақат долзарб минтақавий ва халқаро сиёсат масалалари бўйича фикр алмашиш, балки турли даражадаги келгуси учрашувлар жадвали ва кун тартибини ишлаб чиқиш ҳамда келишиш имконини бермоқда.

Давлатлараро муносабатларнинг муҳим буғини бўлган савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масаласи ҳам томонлар диққат марказида бўлди.

Икки томонлама савдо соҳасида кўплаб қулайликлар яратилиб, сезиларли даражада, яъни жорий йилнинг дастлабки 4 ойида тўрт баробар ўсишга эришилганига қарамасдан, бу борадаги кўрсаткичлар ҳамон юқори эмас. Ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш ва таркибини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Ўзбекистон билан Испания бунинг учун барча имконият ва салоҳиятга эга экани таъкидланди.

Ўзбекистон мамлакатимизда Испания бизнесининг, хусусан, нефть-газ, энергетика, кимё, фармацевтика, тўқимачилик, пардозлаш материаллари ва сопол маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасида юқори технологияли корхоналар ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали кенгайишидан манфаатдордир.

Испания туризм соҳасида улкан натижаларга эришган ва бу борада жаҳон миқёсида илғор тажрибага эга. Шу муносабат билан томонлар ушбу соҳада узоқ муддатли тизимли ҳамкорлик ўрнатиш, бошқача айтганда, стратегик шерикликни йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилди.

Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия ташкил этиш ва унинг дастлабки мажлисини шу йил Тошкентда ўтказиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

 

Темур Қурбонбоев (сурат), ЎзА