Президентимиз Андижон вилоятига ташрифи доирасида “Khantex Group” МЧЖ томонидан Қўрғонтепа тумани Учқун маҳалласида ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластери фаолияти билан танишди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда кластер усулида пахта етиштиришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Кластер амалиёти қишлоқ хўжалигида ҳосилни парваришлашдан тортиб, маҳсулотни қайта ишлайдиган замонавий завод ва фабрикалар қуриш, пахта хомашёсини тўла қайта ишлашни ўз ичига олади.
“Khantex Group” масъулияти чекланган жамияти бундан икки йил олдин ташкил этилган. Қарийб 9 минг гектар майдонда фермерлар билан пахта етиштириш бўйича ҳамкорлик қилади.
Давлатимиз раҳбари ўтган йили май ойида Андижон вилоятига ташриф буюрганда жамият томонидан тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдим этилган эди.
Ҳозир лойиҳа доирасида йигирув ишлаб чиқариш цехи биносида қурилиш ишлари тўлиқ бажарилди. Швейцариянинг “Ритер” компаниясидан замонавий ип-йигирув ускуналари келтириб ўрнатилди. Муҳими, ҳудудда яшовчи 400 нафарга яқин аҳоли доимий иш жойига эга бўлди.
Корхонанинг иккинчи босқичини жорий йилнинг тўртинчи чорагида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.Унда тўқув ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш цехи ташкил этилади. Ҳозир цех биносида қурилиш ишлари якунланиш арафасида. Бельгиядан келтирилган замонавий тўқув ускуналари йиғилмоқда. Йил охиригача ип-газлама ва трикотаж мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Кейинги босқич 2020 йилнинг иккинчи чорагида ишга тушади. Бунда тикув-трикотаж маҳсулотлари тайёрланади.
Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 58 миллион евро. Корхона тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, йилига 9 минг тоннадан зиёд ип-калава, қарийб 6 миллион погона метр газлама, 10 миллион донадан ортиқ тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 1500 та иш ўрни яратилади.
Шунингдек, кластер негизида 2 минг тонна истеъмол ёғи, 7,5 минг тонна шрот, 5,4 минг тонна шелуха ишлаб чиқариш қувватига эга замонавий ёғ-экстрация заводи ва чорва комплекси ташкил этилмоқда.
Президентимиз қишоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда кластер усулининг афзалликларини таъкидлади. Ҳосилдорликни ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини қайд этди.
Кластерда агротехника хизматларини кўрсатиш мақсадида 19,7 млн. доллар маблағ ҳисобига АҚШнинг “John Deer” ва “Case” компанияларининг 13 турдаги 331 та замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси келтирилган.
Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари 2017 йил илгари сурган кластер усулини қишлоқ хўжалигида кенг жорий этиш бўйича ташаббус Қўрғонтепа туманида тўлиқ амалга ошмоқда.
Яъни, пахтани етиштиришдан тайёр маҳсулот олишгача бўлган тизим яратилган. Пахта етиштириш ишлари тўлиқ техникалар ёрдамида амалга оширилмоқда, ҳосилдорлик сезиларли даражада ошган. Ҳудуд аҳолиси кластер томондан ташкил этилган замонавий корхоналарга ишга жалб этилади.
Шу ерда Андижон вилоятида 2019-2020 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳаси, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, пиллачиликни ривожлантиришга қаратилган режалар, Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчихонаси томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар муҳокама қилинди. Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали ва Гродно давлат университети ўртасида ўзбек-беларусь қўшма факультетини очиш, вилоятда ирригация ва мелиорация тизимини яхшилаш каби қатор лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Президентимиз лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли якунлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Зиёдулла Жонибеков, ЎзА