Шавкат Мирзиёев «Росатом» корпорацияси бош директорини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 май куни Россиянинг атом энергияси бўйича «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон билан Россия ўртасида атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Олий даражада эришилган келишувларни рўёбга чиқариш доирасида илғор технология ва илм-фан ютуқларини жалб этган ҳолда мамлакатимизда биринчи атом электр станцияси қуриш лойиҳасини тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузурида «Ўзатом» агентлиги ташкил этилган ва фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда атом энергетикасини ривожлантириш бўйича ўн йилга мўлжалланган концепция қабул қилинган.

Бўлажак АЭС учун майдон танлаш бўйича муҳандислик тадқиқотларининг биринчи босқичи якунланди. Халқаро талабларга мувофиқ, лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсири баҳоланмоқда ва техник ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Аҳолини атом энергетикаси ва ядровий технологиялар ривожи тўғрисида кенг хабардор қилиш мақсадида «Ўзатом» агентлиги биносида Атом технологиялари ахборот маркази очилди.

Бундан ташқари, янги ўқув йилидан Тошкентда “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети филиали ўз ишини бошлайди.

Учрашувда мамлакатимизда қабул қилинган «йўл харитаси» асосида АЭС қурилиши лойиҳасини сифатли тайёрлаш ва амалга оширишни таъминлаш бўйича ҳамкорликни давом эттириш масалалари кўриб чиқилди. Янги тармоқни ривожлантириш учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

«Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига чуқур миннатдорлик билдирди. Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида эришилган келишувларни ўз вақтида ва кенг кўламда амалга ошириш борасидаги интилишларнинг қатъий экани таъкидланди.

 

ЎзА