Муҳтарам фестиваль иштирокчилари!
Қадрли дўстлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Аввало, сиз, азизлар билан жонажон Ўзбекистонимизда, гўзал Сурхондарё заминида кўришиб турганимдан бахтиёрман.
Барчангизни Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг тантанали очилиши билан чин юракдан муборакбод этаман.
Юртимизда биринчи бор ўтказилаётган ушбу санъат байрамида дунёнинг 74 та давлатидан 160 дан зиёд вакиллар қатнашмоқда. Уларнинг орасида атоқли маданият арбоблари, фольклор санъати намояндалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари борлиги бизга катта мамнуният етказади.
Бугунги фестивалимизда иштирок этаётган ҳурматли меҳмонларимиз: ЮНЕСКОнинг Осиё ва Тинч океани бошқармаси бошлиғи Андрей Шевелевга, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг тузилмаси – АЙСЕСКОнинг Маданият бўйича директори Рхиати Салиҳга, Жаҳон ҳунармандлар кенгаши Осиё ва Тинч океани минтақаси раҳбари Гада Рида Хижжавига, Қирғиз Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Султанбай Раевга, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири Аристанбек Мухаметўғлига, Тожикистон Республикаси маданият вазири Шамсиддин Орумбекзодага, Туркманистон маданият вазирининг ўринбосари Курбанмурат Мирадалиевга, Афғонистон Ислом Республикасининг Балх вилояти ҳокими Муҳаммад Исҳоқ Рахгузар ва бошқа хорижий дўстларимизга чуқур ташаккур изҳор этишга ижозат бергайсиз.
Сиз, муҳтарам меҳмонларимизни биз халқимиз ва маданиятимизнинг яқин дўстлари сифатида қабул қиламиз. Бутун эл-юртимиз номидан барчангизга самимий ҳурмат ва эҳтиромимизни билдирамиз.
Ўзбекистонга хуш келибсизлар!
Азиз дўстлар!
Инсоният яратган бебаҳо маданият дурдоналари энг аввало ҳар қайси миллатнинг фольклор санъатида мужассам топгани ҳаммамизга яхши маълум. Турли халқларнинг миллий ўзлигини, уларнинг тили ва ҳаёт тарзини, анъана ва урф-одатларини ифода этадиган бахшичилик санъати умумбашарий маданиятнинг узвий қисми сифатида барчамиз учун қадрлидир.
Жаҳон маданий меросининг бу ўлмас асарлари бизга инсониятнинг наслу насаби, тарихий илдизлари, олижаноб идеаллари бир эканини, бинобарин, турли миллат ва элат вакилларининг келажак сари интилишлари ҳам муштарак эканини англатади.
Айни вақтда ҳозирги глобаллашув даврида, тижорат воситасига айланган “оммавий маданият”, шоу-бизнеснинг салбий таъсири тобора кучайиб бораётган мураккаб замонда ҳар қандай миллий маданиятнинг булоғи бўлган фольклор санъатига эътибор ва қизиқиш, афсуски, сусайиб бораётгани ҳам сир эмас. Ҳолбуки, фольклор санъати, таъбир жоиз бўлса, бу – инсониятнинг болалик қўшиғидир.
Мана шундай ноёб ва буюк санъат бугунги кунда шунчаки маданий ёдгорлик намунасига айланиб, кўп жойларда унутилиб кетаётгани, ҳимоя ва муҳофазага муҳтож бўлиб тургани – бу ҳам давримизнинг аччиқ ҳақиқатидир. Бу ҳақиқат ушбу гўзал ва бетакрор санъатнинг чинакам фидойилари сифатида сиз, азизларни ҳаммадан кўра кўпроқ ташвишга солаётганига ишонаман.
Шу сабабли тенгсиз маънавий бойлигимиз бўлмиш мумтоз санъатни, халқ ижодининг нодир намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни келгуси авлодларга безавол етказиш жаҳондаги илғор фикрли олимлар ва санъаткорларнинг, давлат ва жамоат арбоблари, барча маданият аҳлининг эзгу бурчидир.
Шу маънода, биз халқ ижодиётини, турли ўлкаларда бахши, жиров, оқин, манасчи, шоир, ошиқ каби номлар билан аталадиган, ўз тимсолида ҳам шоирлик, ҳам созандалик, ҳам хонандалик маҳоратини мужассам этадиган инсонларнинг нодир истеъдодини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз зарур. Бугун ўз ишини бошлаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали айни шундай улкан ва муҳим мақсадга қаратилганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Бу борада, аввало, бахшичилик санъатининг илмий-назарий ва амалий асосларини чуқур ўрганиш ва мустаҳкамлаш, уни миллий маданиятнинг ўзига хос “ташриф қоғози”га айлантириш учун биргаликда жиддий иш олиб боришимиз керак.
Хусусан, бахшичилик соҳасида шаклланган ижодий мактаблар, “устоз – шогирд” анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантириш, бахши-шоирлар, фольклоршунос олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларнинг ижодий ва илмий фаолиятини ҳар томонлама рағбатлантириш, маданият ва санъат муассасалари қошида бахшичилик тўгараклари ташкил этиш, бахши-шоирлар ижодига кенг йўл очиб бериш, тўй-томошалар, турли байрам ва маданий тадбирларда уларнинг доимий иштирокини таъминлаш, шу йўналишда халқаро ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, бахшичилик санъатини кенг тарғиб этиш учун ахборот-коммуникация технологияларидан, телевидение ва Интернет имкониятларидан самарали фойдаланиш, фольклор асарларининг аудио ва видео вариантларини кўпайтириш мақсадга мувофиқдир.
Агар биз бу ноёб санъатни сақлаб қолиш учун бугун барчамиз биргаликда ҳаракат қилмасак, эртага, афсуски, кеч бўлади, келгуси авлодлар, тарих бизни кечирмайди.
Бу борада Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтишга ижозат бергайсиз.
Юртимизда халқ ижодиётини асраб-авайлаш ва юксалтириш мақсадида машҳур “Алпомиш” достонининг минг йиллиги кенг нишонланди. Бугун биз тўпланиб турган мана шу гўзал майдонда бу улуғ бадиий обида шарафига муҳташам ҳайкал ўрнатилди. Самарқанд шаҳрида атоқли бахшиларимиз хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси бунёд этилди. Давлатимиз томонидан “Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси” фахрий унвони таъсис қилинди.
Термиз шаҳрида янги ташкил этилган бахшилар мактабида, республикамиздаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида юзлаб ёшларимиз миллий фольклор санъатини меҳр қўйиб ўрганмоқдалар. Юртимизда 100 томлик “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” мажмуаси нашр этилмоқда. Унинг 59 жилди айнан халқ достонларидан иборат эканини қайд этиш лозим. Шунингдек, кўп томлик “Қорақалпоқ фольклори” тўплами ҳам чоп этилди. Буларнинг барчаси ушбу нодир санъат маънавий ҳаётимизда бениҳоя муҳим ўрин тутишидан далолат беради.
Шу билан бирга, бахши-шоирлар томонидан ижро этилаётган асарларни ёзиб олиш, уларни илмий ўрганиш ишлари мунтазам давом этмоқда. Соҳага оид китоб ва альбомлар, фильмлар ва телекўрсатувлар яратилмоқда. Бахшиларимиз халқаро кўрик-танловларда, хорижий давлатларда ўтказилаётган Ўзбекистон маданияти кунларида муносиб иштирок этиб келаётгани эл-юртимизни мамнун қилади.
Албатта, бундай ютуқлар ўз-ўзидан, бўм-бўш заминда пайдо бўлган эмас.
Ўзбек бахшичилик мактаби дунёга Эргаш Жуманбулбул ўғли, Ислом шоир, Фозил Йўлдош ўғли, Пўлкан шоир, Бола бахши, Эсемурат жиров, Шерна бахши, Мардонақул Авлиёқул ўғли, Қодир бахши Раҳимов сингари машҳур намояндаларни бергани билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бугунги кунда ана шу ижодий анъаналар уларнинг издошлари бўлмиш Шомурод Тоғаев, Шоберди Болтаев, Абдуназар Поёнов, Қаҳҳор ва Абдимурод Раҳимовлар, Қаландар бахши, Гулнара Аллембергенова, Ғайратдин Отемуратов, Шодмон Хўжамбердиев, Илҳом Норов каби ўнлаб истеъдодли ижрочилар томонидан янада бойитилмоқда.
Ушбу қувончли айёмда бахшилик санъатини илмий ўрганишдек муҳим ишга катта ҳисса қўшган атоқли шоир Ҳамид Олимжон, Ҳоди Зариф, Музайяна Алавия, Мансур Афзалов, Буюк Каримий, Зубайда Ҳусаинова сингари фан арбобларининг хотирасини ҳурмат билан ёд этамиз. Бугун уларнинг ишларини муносиб давом эттираётган Тўра Мирзаев, Жалғас Хушниёзов, Сафарбой Рўзимбоев, Шомирза Турдимов, Маматқул Жўраев, Тоштемир Турдиев, Жаббор Эшонқулов ва бошқа жонкуяр олимларимизнинг номларини миннатдорлик билан тилга оламиз.
Айни пайтда ўзбек миллий фольклор санъатини чуқур ўрганиб, уни дунё миқёсида кенг тарғиб этиб келаётган кореялик Инг-Ёнг О, германиялик Карл Райхил, туркиялик Фикрат Туркман, Селами Фидакор сингари хорижий олимларга самимий раҳмат айтамиз.
Қадрли фестиваль иштирокчилари!
Биз ушбу нуфузли анжуманни айнан кўҳна ва навқирон Сурхон ўлкасида ўтказаётганимиз бежиз эмас, албатта.
Сурхондарё деганда, аввало, улуғ азиз-авлиёлар, алломаларга ватан бўлган, мард ва олижаноб, ориятли эл яшайдиган табаррук замин кўз ўнгимизда намоён бўлади.
Кўҳна Зараутсой ва Тешиктош ғорлари, Боботоғ ва Бойсундаги петроглиф расмлар, Бақтрия ва Кушон каби давлатлар, Далварзинтепа, Кампиртепа, Холчаён сингари ноёб ёдгорликлар бу заминдаги қадимий цивилизация ва маданиятдан гувоҳлик беради.
Воҳанинг гўзал табиатини, Олтинсой, Сангардак, Хонжизза, Сайроб, Дарбанд каби сулув гўшаларини бир бора кўрган, бепоён қир-адирларда бахшилардан достон ва термалар тинглаган инсон бу диёрга умрбод мафтун бўлиб қолади.
Сурхондарё – азалдан бахшилар юрти сифатида ном қозонган. Мамлакатимизнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Хоразм вилоятлари билан бир қаторда Сурхондарё, хусусан, Шеробод достончилик мактаби бутун минтақамизда маълум ва машҳур.
Халқимизнинг фидокорона меҳнати билан Сурхондарё Ўзбекистоннинг энг обод ҳудудларидан бирига, замонавий илм-фан, маданият ва туризм масканига, мана энди халқаро бахшичилик санъати марказига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.
Санъат ва мусиқани чин дилдан севадиган, ижод аҳлини юксак қадрлайдиган Сурхон эли ушбу анжуманни катта шоду хуррамлик билан кутиб олмоқда.
Бугунги даврамизда жаҳоннинг узоқ ва яқин мамлакатларидан ташриф буюрган ўнлаб машҳур бахшилар, фольклор гуруҳлари, соҳанинг жонкуяр намояндаларини кўриб турганимиздан ғоят хурсандмиз.
Келинглар, азиз дўстлар, уларни чин қалбимиздан қутлаб, барчаларига ижодий ютуқлар тилаб, ҳурмат ва олқишларимизни изҳор этайлик!
Ҳурматли юртдошлар!
Азиз меҳмонлар!
Сизларнинг иштирокингизда очилаётган ушбу фестиваль дунёдаги энг нуфузли санъат анжуманлари қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллайди, деб ишонаман.
Бахшилар нафақат халқ ўтмишининг акс-садоси, айни пайтда бугунги куннинг ҳам жарангдор овозидир.
Гўзал юртимиз ҳаёти билан танишган сиз, азизлар ўз фикр ва туйғуларингиз ҳақида, бағрикенг ва меҳмондўст халқимиз, унинг маданияти ва бетакрор қадриятлари ҳақида янги-янги қўшиқ ва достонлар яратишингизга тилакдошмиз.
Фестиваль доирасида ўтказиладиган халқаро илмий-амалий конференция ишига ҳам муваффақиятлар тилайман.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда қатнашаётган хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларига, халқаро ташкилотларнинг вакилларига самимий миннатдорчилик билдираман.
Азиз ватандошлар!
Бугунги санъат ва нафосат байрамини баланд савияда ўтказиш учун астойдил меҳнат қилган барча-барча инсонларга, меҳмондўст ва олижаноб Сурхондарё аҳлига чин юракдан ташаккур билдиришга рухсат этгайсиз.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, янги ютуқлар ёр бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат.