Утрехтда отишма содир этган шахс ҳуқуқ органларига яхши таниш жиноятчи бўлиб чиқди

Нидерландия полицияси Утрехтдаги трамвайда йўловчиларни ўққа тутган 37 ёшли эркакни қўлга олди. Бу ҳақда шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилиш таркибий тузилмаси раҳбари Роб ван Брей матбуот конференциясида маълум қилди, деб ёзмоқда ТАСС.
Роб ван Брейнинг маълумотларига кўра, ҳужум натижасида 3 киши вафот этди, 5 киши жароҳат олди. Жабрланганлар шифохонага ётқизилган. Уларнинг 3 нафари оғир аҳволда.
Жиноятчи – келиб чиқиши турк миллатига мансуб бўлган 37 ёшли Гёкмен Таниш. Полиция унинг ҳаракатини теракт деб гумон қилаётганига қарамай, мамлакат ОАВ у бу жиноятни оилавий сабабларга кўра содир этгани ҳақида ёзмоқда.
Гёкмен Танишни таниганлар унинг бир-икки йил аввал никоҳдан ажрашганидан сўнг оилавий ва психологик муаммоларга дуч келганини айтмоқда. У собиқ рафиқаси ёки унинг бирон бир қариндошидан ўч олмоқчи бўлганлиги ҳам гумон қилинмоқда.
Нидерландия телерадиокўрсатувлар корпорациясининг маълум қилишича, Таниш ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига яхши таниш бўлган. У 2012 йилдан 2017 йилгача бир неча жиноий иш бўйича (ўғрилик, ўқ отар қуролдан фойдаланиш, қотиллик ва зўравонликка уринишда) сўроқ қилинган.
Полиция Танишдан ташқари жиноятга алоқадор яна бир кишини қўлга олгани ҳақида маълумот берган.
Эслатиб ўтамиз, кеча Нидерландиянинг Утрехт шаҳридаги трамвайларнинг бирида номаълум шахслар йўловчиларни ўққа тутгани ҳақида хабар берилган эди.

 

Г.Азимова, ЎзА