Иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Тошкент шаҳрида 7 март куни Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Россия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон билан Россия ўртасида иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, агросаноат тармоқларидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг 2018 йил октябрь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар ижроси кўриб чиқилди.
Мамлакатларимизнинг иқтисодий ҳамкорлиги янги босқичда ривожланмоқда. Ўтган йилда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 20 фоиз ошиб, қарийб 6 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Жорий йилнинг январь – февраль ойларида товар айирбошлаш ҳажми 877 миллион АҚШ долларига етиб, экспорт ҳажми 70 фоизга ошган.
– Бугунги кунда Ўзбекистон – Россия иқтисодий ҳамкорлик дастури асосида 54 та лойиҳа фаол молиялаштирилмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев. – Жумладан, қиймати 600 миллион АҚШ долларига тенг 34 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мажлисда Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин мамлакатларимизда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун имкониятлар кўплиги, уларни тўлиқ ишга солишдан икки томон ҳам манфаатдор эканини қайд этди.
2019-2020 ўқув йилидан бошлаб мамлакатимизда И.М.Сеченов номидаги Москва давлат тиббиёт университетининг филиалини очиш режалаштирилган. Бундан ташқари, юртимизда Россиянинг тиббиётга ихтисослашган қатор олий таълим муассасалари билан қўшма факультетлар очилади. Тиббиётда мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши соҳада икки томонлама алоқаларни янги даражага олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон ва Россия қишлоқ хўжалиги соҳасидаги алоқаларни янада ривожлантириш бўйича узоқ муддатли ҳамкорликдан манфаатдор.
Мажлисда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти кенгайишига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф қилиш юзасидан фикр алмашилди. Бу борада Россия томони мамлакатимиз ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини улгуржи тарқатиш марказларини бунёд этишга тайёр эканини билдирди. Қайд этилганидек, бундай марказларнинг бунёд этилиши мамлакатимизда Россияга етказиб берилаётган мева-сабзавотлар ҳажмини бир неча баравар ошириш имконини беради.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА