8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали тадбир бошланиш арафасида

Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар залида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Ватанимиз равнақи йўлида самарали меҳнат қилаётган, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фидокорона фаолият олиб бораётган аёллар, иқтидорли қизлар, мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари сафидаги хотин-қизлар таклиф этилган.
Тадбир доирасида тадбиркорлик, илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ аёлларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланади.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан бир гуруҳ қизлар Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланади.
Тантанали тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиши ва мамлакатимиз хотин-қизларини табриклаши кутилмоқда.

 

ЎзА