Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 19 февраль куни Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 апрелда Сирдарёга ташрифи давомида берилган топшириқлар ва Сайхунобод туманида ўтган йиғилиш якунига асосан вилоятни 2018-2019йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида хизмат кўрсатиш ва сервис, қишлоқ хўжалиги тармоқларида қиймати 6,3 триллион сўмлик 302 та лойиҳа амалга оширилиб, 15 минг 458 янги иш ўрни ташкил этиш белгиланган эди.
Президентимиз вилоятга бу галги ташрифини Сирдарё туманидаги “Сирдарё универсал ойна” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишишдан бошлади. “Сирдарё” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ташкил этилган мазкур корхонада фармацевтика ва озиқ-овқат саноати учун шиша идишлар ишлаб чиқарилади. Ўтган йил июнь ойида фаолият бошлаган корхонада қиймати 50,1 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Мамлакатимиз фармацевтика саноатига шу пайтгача ҳар йили 4 миллион долларлик шиша флаконлар импорт қилинар эди. Ушбу корхона ишга тушгач, юртимиз фармацевтика корхоналарига шиша идишлар етказиб бериш имконияти кенгайди.
Марказий Осиёда ягона ушбу корхонада айни пайтда 100 дан ортиқ турдаги шиша идишлар тайёрланмоқда. Корхонага Германия, Чехия ва Францияда ишлаб чиқарилган энг замонавий технологиялар ўрнатилган, ишлаб чиқаришда тўлиқ маҳаллий хом ашёдан фойдаланилади.
Жорий йилдан тўла қувват билан ишлайдиган корхонада йилига 102 миллион дона шиша идиш ишлаб чиқарилади, 2 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш кутилмоқда. Корхонада 450 киши иш билан таъминланган.
Президентимиз шиша идишлар ишлаб чиқариш жараёни, тайёрланаётган маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.
Шу ерда “Сирдарё универсал ойна” корхонаси томонидан кластер усулида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Корхона ёнида “Сирдарё гласс” МЧЖ томонидан янги технология асосида бир вақтнинг ўзида фармацевтика ва озиқ-овқат саноати учун уч хил рангли шиша идишлар тайёрлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Келаси йил ишга тушириладиган корхонада 500 иш ўрни яратилади, йилига 3,7 миллион долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилади.
“Сирдарё шиша” МЧЖ томонидан шиша идишлар учун кварц қумини қайта ишлаш йўлга қўйилмоқда. Йилига 438 минг тонна қум қайта ишланадиган корхона учун “Асака банк”дан 5 миллион долларлик кредит ажратилади, 5,1 миллион доллар корхонанинг ўз маблағидир.
“Сирдарё универсал ойна” ва “Сирдарё гласс” корхоналарида ишлатиб бўлинган иссиқлик энергиясидан фойдаланиб, Европа типидаги иссиқхонада сабзавот етиштириш режалаштирилмоқда. Унга кўра, “Сирдарё универсал ойна” корхонаси ёнида 10 гектарлик иссиқхона барпо этилади. Лойиҳа беш босқичдан иборат бўлиб, иссиқхоналарни бошқаришнинг тўлиқ автоматлаштирилган тизими, сувни қайта циркуляция қилиш ва ёмғир сувидан фойдаланиш, сифат назорати, ишлаб чиқариш, ресурслар билан таъминлашнинг европача тизимини қамраб олади.
Ушбу иссиқхонада йилига 2,5 минг тонна маҳсулот етиштириш, 6 миллион доллар атрофида соф даромад олиш ҳамда 5 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш кўзда тутилмоқда.
“Сирдарё фиш техноложи” МЧЖ томонидан ёпиқ сув айланма тизими орқали балиқ етиштириш ва қайта ишлаш режалаштирилган. 2020 йилда ишга тушириладиган ушбу лойиҳа самарасида йилига 2 минг 750 тоннадан зиёд балиқ етиштирилади.
“Сирдарё гласс” корхонаси томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ҳамда консервалаш йўлга қўйилади. Ушбу лойиҳа орқали йилига 3 минг тонна маҳсулот қайта ишланади, 140 иш ўрни яратилади. Бу вилоятда етиштирилаётган мева-сабзавотларни қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилиш ҳажмини ошириш имконини беради.
Шу ернинг ўзида вилоятда инвестиция маблағлари асосида фармацевтика, тўқимачилик, электротехника маҳсулотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, Фарҳод ГЭСини модернизация қилиш, Сардоба сув омбори қошида кичик ГЭС қуриш лойиҳалари, “Сирдарё голден фрутс” МЧЖ томонидан туманда ташкил этилган кўп тармоқли логистика маркази тақдимотлари ўтказилди.
Мамлакатимизнинг Хитой, Италия ва Қозоғистон давлатларидаги элчилари вилоятга тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этиш, ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва экспорт ҳажмини юксалтириш бўйича амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
Давлатимиз раҳбари вилоят иқтисодий салоҳияти ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда ушбу инвестицион лойиҳаларнинг аҳамияти юқори эканини таъкидлаб, уларни амалга ошириш муддатларини қисқартириш ва иқтисодий самарадорлигини ошириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
Президентимиз Сирдарё вилояти Ховос туманига ташриф буюриб, дастлаб Ховос шаҳарчасининг бош режаси билан танишди.
“Мирзачўл тажрибаси” асосида Ховос шаҳарчасининг янги маркази бунёд этилиши режалаштирилган. М-39 автомобиль йўли бўйидаги 42 гектар ҳудудда комплекс қурилиш ишлари лойиҳалаштирилган. Унга мувофиқ, бу ерда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари бинолари, Давлат хизматлари агентлиги, тижорат банклари, турар жойлар, мактаблар, истироҳат боғи, хотира майдони, кинотеатр, кутубхона, масжид, бозор, савдо ва маиший хизмат шохобчалари қурилади. Йўл инфратузилмаси ривожлантирилиб, аҳоли ва транспорт учун янада қулайликлар яратилади.
Ховосда охирги эллик йил давомида биронта кўп қаватли уй қурилмаган. Одамлар эски, тор, зах уйларда яшаб келган. Энди ҳар йили кўп қаватли янги уйлар барпо этилиб, аҳолининг ижтимоий шароитлари босқичма-босқич яхшиланиб боради. Оилавий шароити яхшиланган инсоннинг умиди, эртанги кунга ишончи ҳам мустаҳкамланади.
Шу мақсадга хизмат қиладиган яна бир хайрли ташаббус: “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти томонидан Сирдарё вилоятида 32 та тикувчилик мажмуаси ташкил этиш режалаштирилган. Бу цехларда жами 4 минг 200 дан ортиқ иш ўрни яратилади.
Президентимиз шу ерда ховослик нуронийлар, маҳалла фаоллари ва ёшлар билан суҳбатлашди.
Мамлакатимизда катта ўзгаришлар амалга оширилаётгани, давлат билан бирга одамлар ҳам уйғониши, фаровон яшашга интилиши кераклиги таъкидланди. Ховосликлар вилоят ривожи, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган янги режалар уларнинг ҳаётга муносабатини ўзгартираётганидан мамнунлигини қайд этдилар.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари тумандаги “GRAN RUTA DE LA SEDA” корхонаси томонидан замонавий усулда ташкил этилган гидропоника иссиқхона мажмуасини кўздан кечирди.
Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида гидропоника усулида иссиқхоналар қурилмоқда. Бу эса сифатли полиз маҳсулотлари етиштириш, кўплаб иш ўринлари яратиш имконини бераётир. Мутахассисларнинг фикрича, оддий усулда етиштирилаётган помидор кўчатларидан 3 килограмм ҳосил олинса, гидропоника усулида ҳосилдорлик 12 килограммгача етади. Экинларнинг пишиб етилиши 25-30 кунга қисқаради.
Мазкур иссиқхоналарда Голландиядан серҳосил помидор ва бодринг навлари келтирилиб экилган. Бутун жараён тўлиқ автоматлаштирилган. Корея Республикасидан олиб келинган замонавий жиҳозлар ҳароратни, ўсимликнинг сув ва озуқага талабини чуқур таҳлил орқали аниқлайди ва минераллар билан бойитилган сув томчилатиш усулида ўсимлик илдизига етказилади.
Иссиқхонада йилига 1 минг 500 тонна помидор етиштирилади. Шунингдек, 2 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспорт қилинади. Корхона томонидан жорий йилнинг учинчи чорагида яна 10 гектар иссиқхонани ишга тушириш режалаштирилган.
Президентимиз мазкур иссиқхонани кенгайтириш, Жанубий Кореядан келтирилиб, фойдаланилаётган замонавий технологияларни ўзимизда ишлаб чиқариш ва харажатни камайтириш юзасидан кўрсатмалар берди.
Шавкат Мирзиёев Янгиер шаҳрида ташкил этилиши режалаштирилган аммиак ва карбамид заводи қурилиши майдонида бўлди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш ва экспортга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ер унумдорлигини ошириш, минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни талаб этади.
Шу боис «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти томонидан «Samsung Engineering» компанияси билан ҳамкорликда аммиак ва карбамид заводи қуриш режалаштирилган. Умумий қиймати 600 миллион доллар бўлган мазкур заводда йилига 400 минг тонна аммиак, 660 минг тонна карбамид ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Хориждан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилади, «ноу-хау»лар қўлланилади. 500 доимий иш ўрни яратилади. Завод қурилиши учун жуда қулай жой танланган. Бу ерда табиий газ манбаи, электр ва сув таъминоти тармоқлари, автомобиль ва темир йўллар бор.
Сирдарёдагидек қулай инфратузилма ҳеч қаерда йўқ. Бундай имконият заводни қуриш ва барқарор ишлатишда қўл келади, инвесторлар қизиқишини оширади. Бу жуда рентабелли, истиқболли лойиҳа, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбарига корхонанинг иқтисодий самарадорлиги, қурилиш ишлари жадвали ҳақида маълумот берилди. Президентимиз завод маҳсулотлари ички талабни қондириш ва ташқи бозорга чиқишда муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Президентимиз Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида Мирзаобод туманидаги “Бек кластер” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона томонидан ташкил этилган пахтани қайта ишлаш заводи фаолияти билан танишди. Бу ерда меҳнат қилаётган ходимлар билан мулоқот қилди.
2018 йилда Туркиянинг “SUMER” компанияси билан ҳамкорликда фойдаланишга топширилган заводда йилига 60 минг тонна пахта қайта ишланади. Корхонада 200 иш ўрни яратилган.
Давлатимиз раҳбари ўтган йили Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида “Бек кластер” корхонасида бўлиб, уни янада ривожлантириш бўйича топшириқлар берган эди.
Президент қарори асосида “Бек кластер”га 18 минг гектар ер майдони ажратиб берилган. Масъулияти чекланган жамиятга қарашли корхоналарда мингга яқин доимий иш ўрни яратилган. Бундан ташқари, 1 минг 800 нафар киши мавсумий ишларга жалб қилинади.
Янги завод пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлайди. Аҳамиятли томони, бу ерга ўрнатилган замонавий ускуналар пахта толасини сифатли қайта ишлаш баробарида, энергиятежамкор ҳамдир.
Қишлоқ хўжалигига илмий ёндашиш доимий эътиборимизда бўлиши керак. Бусиз юқори ҳосилдорликка эришишнинг иложи йўқ. Шу жиҳатдан “Бек кластер” корхонаси томонидан илмий муассасалар билан ҳамкорликдаги ишларни қўллаб-қувватлаймиз, деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимизга “Бек кластер”да истиқболда амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, кластер қошида давлат хусусий шериклиги асосида коллеж очиш режалаштирилган. Бу ерда кластерга қарашли корхоналар учун малакали мутахассислар тайёрланади.
Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Жумладан, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик, уруғчилик ва узумчиликни ривожлантириш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, ер майдонларини қайта ўзлаштириш, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича аҳолининг томорқадан самарали фойдаланишини ташкил этиш бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Бу лойиҳаларнинг амалга оширилиши яна минглаб иш ўринлари яратиш имконини беради.
Шу ерда қорабайир отлари, қорамол, эчки, туяқуш, қуён ва бедана зотлари намойиш этилди.
Давлатимиз раҳбари бу жониворларнинг маҳсулдорлиги, тез кўпайиши, улар ҳар бир оила учун зарурлигига эътибор қаратди. Уй шароитида чорва ва парранда боқишни кўпайтириб, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари, қўшимча даромад билан таъминлаш мумкинлигини таъкидлади.
Гулистон шаҳри кун сайин чирой очмоқда. Янги уйлар, иншоотлар, равон кўчалар, сайилгоҳлар, маҳаллаларда амалга оширилаётган ободлик ишлари ҳавасга арзигулик.
Бу манзара Гулистоннинг “Буюк келажак” мавзесида янада ёрқин намоён бўлади. Янги мавзеда 2018 йили намунали лойиҳа асосида 5 қаватли 8 та уй қурилиб, фойдаланишга топширилди, 360 оила уйли бўлди. “Буюк келажак”да яна 7 қаватли, 420 хонадондан иборат 10 та уй қурилмоқда. Бу каби уйлар нафақат Гулистонда, балки бутун вилоятда ҳам кейинги 25-30 йилда биринчи маротаба барпо этилаётир.
Президентимиз “Буюк келажак” мавзесида қурилган уйлар, янги қурилиш жараёни билан танишди.
Бу уйларни қуришдан мақсад аҳолининг кўп йиллик орзуларини амалга оширишдир. Шунинг учун уларни сифатли, ҳар томонлама қулай қилиб қуришимиз керак. Токи янги уйга кўчиб келган ҳар бир оила биздан рози бўлсин, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари бу борада “Сирдарё тажрибаси”ни жорий қилиш ҳақида кўрсатмалар берди. Кейинги босқичда амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.
“Guliston City” қурилиши лойиҳаси уч босқичда амалга оширилади. 2019-2022 йилларга мўлжалланган замонавий шаҳарчанинг умумий ер майдони 45 гектарга яқин бўлади. Бу ерда кўп қаватли уйлар, савдо мажмуалари, кўнгилочар масканлар, маданият ва бизнес маркази, анжуманлар саройи, таълим ва тиббиёт муассасалари, меҳмонхона, ҳунармандлик уйи каби иншоотлар қурилади.
Шаҳарда 2020 йилга қадар яна 10 та 7 қаватли уй, шунингдек, ички ишлар ходимлари, ҳарбийлар учун хизмат уйлари фойдаланишга топширилади. Бу ерда намунали боғчалар, мактаблар ва бошқа зарур инфратузилма объектлари барпо этилади.
Президентимиз вилоятда ёшлар таълим-тарбияси, маънавият ва маърифат, спорт соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар билан ҳам танишди.
Сирдарё вилоятида китобхонликни кенг тарғиб қилиш концепцияси ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, фарзанд тарбияси ҳали у туғилмасидан олдин бошланиши, сўнгра чақалоқлик, мактабгача тарбия ва мактаб ёшидаги таълим даврига оид янги концепция ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда. Гулистон шаҳрида “O‘qituvchi” бренди остида марказий китоб дўкони ташкил этиш ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш концепцияси ҳам тақдим қилинди.
Маънавиятимиз, ғурур-ифтихоримиз биринчи ўринга чиқадиган вақт келди. Фарзандларимизни ана шундай етук авлод қилиб тарбиялаш учун барчамиз масъулмиз. Биз бунинг учун маблағ ва вақтни аямаймиз, бор имкониятимизни ишга соламиз, деди давлатимиз раҳбари.
Шунингдек, иқтисодий шароитни яхшилаш кўп эзгу ишлар дебочаси экани, рўзғори бут, оиласидан хотиржам киши, эртанги кундан умиди катта ёшлар маънавияти ҳам юксалиб бориши, шундагина китоб ўқишга ҳавас ортиши қайд этилди.
Вилоятда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш, ишсиз ёшлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари бандлигини таъминлаш, кўп қаватли уйлар, спорт иншоотлари қуриш, маънавий тарбия ва китобхонликни тарғиб этиш концепцияси асосида қўшма китоб павильонлари ташкил қилиш борасида амалга ошириладиган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Гулистон шаҳрида Сирдарё вилояти ва туманлар ҳокимлари, фаоллар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятининг саноат ва хизмат кўрсатиш салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаётгани, қишлоқ туманларда саноат деярли йўқлигини қайд этди. Шу боис махсус ишчи гуруҳнинг ўрганишлари натижасида 342 та ўрта ва йирик инвестиция лойиҳаси дастури ишлаб чиқилгани таъкидланди.
Хусусан, Сирдарё иссиқлик электр станцияси ва Фарҳод гидроэлектр станциясини модернизация қилиш, Сардоба сув омборида кичик гидроэлектр станцияси қуриш бўйича жами 275 миллион долларлик учта лойиҳани амалга ошириш бошланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Хитой, Италия ва Қозоғистондаги элчилари томонидан 30 га яқин лойиҳа бўйича аниқ таклифлар шакллантирилган. Президентимиз вилоятга қўшимча инвестициялар олиб келиш, тадбиркорлик ташаббусларини юзага чиқаришга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги ерлари ва томорқалардан самарали фойдаланиш бўйича топшириқлар берди.
Йиғилишда маънавият, маданият, таълим-тарбия масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда анъанага айланган хайрли ишларни давом эттирган ҳолда, Гулистон шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ташкил этиш таклифини илгари сурди. Йиғилганлар бу ташаббусни қизғин қўллаб-қувватлади.
Шу билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятига ташрифи якунланди.
ЎзА