Сирдарё вилоятини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича вазифалар белгилаб берилди

Гулистон шаҳрида Сирдарё вилояти ва туманлар ҳокимлари, фаоллар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятининг саноат ва хизмат кўрсатиш салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаётгани, қишлоқ туманларда саноат деярли йўқ эканини қайд этди. Шу боис махсус ишчи гуруҳ юборилиб, 342 та ўрта ва йирик инвестиция лойиҳалари дастури ишлаб чиқилганини таъкидлади.
Хусусан, Сирдарё иссиқлик электр станцияси ва Фарҳод гидроэлектр станциясини модернизация қилиш, Сардоба сув омборида кичик гидроэлектр станцияси қуриш бўйича жами 275 миллион долларлик учта лойиҳани амалга ошириш бошланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Хитой, Италия ва Қозоғистондаги элчилари томонидан ўттизга яқин лойиҳа бўйича аниқ таклифлар шакллантирилган. Президентимиз вилоятга қўшимча инвестициялар олиб келиш, тадбиркорлик ташаббусларини юзага чиқаришга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги ерлари ва томорқалардан самарали фойдаланиш бўйича топшириқлар берди.
Йиғилишда маънавият, маданият, таълим-тарбия масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда анъанага айланган хайрли ишларни давом эттирган ҳолда, Гулистон шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабини ташкил қилишни таклиф этди. Йиғилганлар бу ташаббусни қизғин қўллаб-қувватлади.
1e184e56-4ab1-8f81-1d3e-a32fa4566683.jpg

 

ЎзА