Мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг ардоқли фарзанди Ислом Каримов нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳонда катта обрў-эътибор қозонган эди.
30 январь куни Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси вакиллари ва ўзбекистонлик талабалар Биринчи Президентимизнинг Москва шаҳридаги ёдгорлигини зиёрат қилди.
Бу ҳақда ЎзАга Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, хотирлаш маросимида Ислом Каримов узоқ йиллик сиёсий фаолияти давомида эзгу инсоний фазилатлари билан Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдиргани алоҳида таъкидланган.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Биринчи Президентимиз хотираси абадийлаштирилмоқда. Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди ташкил этилди, Тошкент давлат техника университети, Асака автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, Тошкент халқаро аэропорти, Қароқалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларидаги кўчалар буюк сиёсатчи шарафига номланган. Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида Биринчи Президентимизга ҳайкаллар ўрнатилган.
Хусусан, Москва шаҳри марказидаги хиёбонда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ёдгорлиги очилган.