Ўзбек олимлари астероид ҳақидаги хабарлар уйдирма эканлигини маълум қилди

Яқинда Россия телеканали сайёрамизга улкан астероиднинг яқинлашаётганлиги ва у 2019 йил 1 февралда Ерга урилиши, бунинг оқибатида улкан фалокатлар кузатилиши ҳақидаги видео материалларни тарқатди. Фанлар Академияси ахборот хизматининг маълумотига кўра, бу хабар билан танишиб чиққан ЎзР ФА Астрономия институти олимлари, унинг мутлақо ёлғон эканлигини маълум қилган.
Ерга яқинлашувчи астероидларнинг рўйхати астрономларга аввалдан маълум ва улар бу борадаги маълумотларни мунтазам мониторинг қилиб боришади.
2019 йилнинг апрел ойигача Ерга яқинлашиши кутилаётган астероидларнинг сони 20 дан ортиқ бўлиб, уларнинг ўртача яқинлашиш масофаси 5 миллион километрни ташкил этади. 2019 йил 1 февралда Ерга яқинлашувчи астероид шу йилнинг январь ойида очилган бўлиб, унга 2019АВ2 дастлабки ном берилган. Унинг ўлчами 150-340 метрни ташкил этиб, у Ерга 6 миллион километргача яқинлашади.
Бунда унинг траекторияси Ерга йўналтирилган чизиққа тик йўналишда бўлади. Астероиднинг бундай масофада яқинлашуви ва юқоридаги траекторияга эгалиги туфайли у Ерга ҳеч қандай хавф туғдирмайди.
Россия телеканали хабарида Ерга яқинлашаётган астероид галактикалараро фазодан келмоқда, дейилган. Бу фикр хабарнинг ёлғонлигидан дарак беради. Чунки астероидлар Қуёш тизими аъзолари бўлиб, уларнинг бошқа галактикаларга алоқаси йўқ.

 

Даврон Суннатов, ЎзА