Остона, 8 июнь. ЎзА махсус мухбири Абу Бакир Ўрозов хабар қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзи учун ажратилган қароргоҳда Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Навоз Шариф билан учрашди. Учрашувда асосий эътибор мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди.
Ўзбекистон Покистоннинг ШҲТга аъзо давлат сифатида қабул қилинишини қўллаб-қувватлаб, ташкилотга раислиги даврида бу масалага алоҳида эътибор қаратди.
Мамлакатларимиз халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 50 га яқин ҳужжат имзоланган. Мамлакатимизда Покистон билан ҳамкорликда ташкил этилган 55 корхона фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Покистонга пахта толаси, кўнчилик хомашёси, транспорт ва туризм хизматларини экспорт қилади. Покистон мамлакатимизга дори воситалари, кимё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беради, транспорт хизмати кўрсатади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Покистон билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди.
Покистон Бош вазири Навоз Шариф Покистон Ўзбекистон билан барча соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.