Ўзбекистонда АКТ рейтинги эълон қилинди, 1 ўринда Давлат солиқ қўмитаси

2018 йилнинг сўнгги чораги якунлари бўйича 104 та давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасида ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш самарадорлиги рейтинги ўтказилиб, унда Давлат солиқ қўмитаси энг юқори кўрсаткич — 98,44 балл билан 1-ўринни эгаллади.
Ушбу баҳолаш тизими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2014 йилдан буён Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази экспертлари томонидан ҳар чоракда ўтказилади.
Маълумки, давлат органлари фаолияти — давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи фаолиятида расмий веб-сайт ва интерактив давлат хизматларини кўрсатиш даражаси; ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари даражаси; ахборот хавфсизлиги даражаси; ташкилий жиҳатдан баҳолаш сингари кўрсаткичларга мувофиқ баҳоланади.
Рейтинг вазирлик ва ташкилотларда АКТни жорий этиш ҳолатини таҳлил қилиш, бу борадаги тўсиқларни аниқлаш, уларни бартараф этиш ва самарадорликни оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишда ёрдам бериш, АКТни кенгроқ жорий этиш ва ривожлантириш учун устувор йўналишлар бўйича таклифларни тайёрлаш мақсадида юритилмоқда.
Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти томонидан АКТни ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирларнинг тўғри йўлга қўйилгани, солиқ органларида телекоммуникация ҳолати, моддий-техника ресурсларининг тартибга солингани ва ахборот хавфсизлигининг ишончлилиги, маълумотларни қайта ишлаш маркази ва солиқ органларидаги дастурий маҳсуллар, идоралараро ўзаро ҳамкорлик тизимларининг узлуксизлиги ҳамда самарадорлигининг юқорилиги ушбу рейтингда юқори натижани қўлга киритишида муҳим ўрин тутди. Расмий веб-сайт ва солиқ тўловчиларга кўрсатилаётган интерактив хизматлар сифати эса экспертлар томонидан алоҳида эътироф этилди.
Эндиликда Давлат солиқ қўмитаси томонидан расмий сайтни модернизация қилиш, смартфонлар учун мўлжалланган мобиль илова ва махсус телеграм ботни ишга тушириш, онлайн назорат касса машиналари ҳамда электрон ҳисобварақ-фактураларни амалиётга кенг жорий этишда замонавий АКТнинг энг сўнгги ечимларидан унумли фойдаланиш мақсад қилинган.

 

ЎзА