Мўйноқ қизғин меҳнат ва бунёдкорлик майдонига айланди

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани маркази ҳозирда қизғин меҳнат майдонига айланган. Шаҳарнинг барча ҳудудларида қурилиш, ободонлаштириш ишлари кетмоқда. 
Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили ноябрь ойида ушбу туманга ташрифидан сўнг мўйноқликлар турмуши бутунлай ўзгариб кетди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил йил 16 январда “Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ҳам қабул қилинди. Мазкур қарор билан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини жадал комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ҳам ҳаётга татбиқ этилди. Дастурга кўра, 2019 – 2021 йилларда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган. Ҳудудда дастурда белгиланган ишларни амалга ошириш бўйича ишлар бошланиб кетди.
– Туманда кейинги икки йил ичида кўп ўзгаришлар бўлди, қувонарлиси, бу жараён бугун янги босқичга чиқди, – дейди Мўйноқ туманида бош архитектор лавозимида 35 йилдан буён ишлаб келаётган Ханимой Жетписова. – Ҳар куни уч-тўрт лойиҳага старт берилмоқда. Мўйноқ шаҳри мисли кўрилмаган қурилиш ва ободонлаштириш майдонига айланди. Соҳасидаги кўп йиллик фаолиятимдан келиб чиқиб айтаман, умрим давомида бунақа йирик иш ташкил қилинганини билмайман. Аҳолини энг қувонтираётган янгиликларнинг бири бу Мўйноқ консерва заводининг қайта барпо қилиниши, иккинчиси 25 йилдан кейин илк бор самолёт қатнови йўлга қўйилиши бўлди. Жорий йилги “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларига Мадели, Пўрлитов, Шеге, Чағирли, Қизилжар, Дўстлик қишлоқлари кирди. Туман марказида тўрт қаватли уй-жойнинг қурилишлари бошланди. Ушбу уйлар ватанимиз Мустақиллигининг 28 йиллиги байрамига туҳфа қилинади. Шунингдек, Ажиниёз кўчаси бўйидан икки қаватли 20 та уй қурилиши белгиланган.
Туманда l0 та хусусий мактабгача таълим муассасаси қурилади. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, вилоят прокуратураси ва ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан туман аҳолисига совға тариқасида 70 ўринли мактабгача таълим муассасаси барпо қилинади. Мазкур муассаса қурилишининг қозиғи қоқилди. Муассасанинг қурилиш ишлари жорий йилнинг 21 мартига қадар тугатилиши режалаштирилмоқда.
“Янги Мўйноқ” шаҳарчаси ҳудудида 315 ўқувчига мўлжалланган ва дастурлашни чуқур ўргатишга ихтисослашган инновацион мактаб қурилади. Мактабнинг қурилиш ишларига 11 миллиард сўм йуналтирилади. Бундан ташқари болалар мусиқа ва санъат мактаби, ёпиқ сузиш сув ҳавзаси бунёд этилади, стадион ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактаби биноси реконструкция қилинади.
Туман марказидан маданий дам олиш парки учун l0 гектар ер ажратилди. 2 минг томошабинга мўлжалланган амфитеатр, Ёшлар марказлари бинолари қад ростлайди.
Мўйноқда туризм соҳасидаги ишлар жадал равишда ривожланади. Туман марказида “Ҳунармандлар аллеяси” ҳамда “Балиқчилар қишлоғи” ни ташкил этиш, туман аэропортини реконструкция қилиш белгиланган. Нукус-Мўйноқ-Орол денгизи маршрути бўйича самолёт ва вертолётлар қатнови йўлга қўйилади. Эски кемалар йиғилган жойни Кемалар музейи замонавий мажмуасига айлантириш ва мукаммал таъмирлаш учун 3 миллиард 800 миллион сўм йўналтирилади.
Шу кунгача фойдаланилмасдан келган денгиз қирғоғидаги лойдан оҳак, қумидан ойна, чиғаноқлардан совун ишлаб чиқариш йўлга қўйиш режада бор. Дарё суви келадиган жойларда қизилмия, денгизнинг шўр сувидан артемия олиш, ош тузи, томат пастасини тайёрлаш цехлари очилади. Бу ишлар учун тадбиркорларга банклардан кредитлар берилди.
Мухтасар айтганда тумандаги шу каби кенг кўламдаги ишлар бутун мўйноқликларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА