“Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” концепцияси лойиҳаси муҳокамада

Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, қатор вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи маркази мутахассисларидан иборат Идоралараро ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди.
Ишчи гуруҳи олдига қатор вазифалар ва топшириқлар қўйилган бўлиб, Орол денгизи қуриб қолиши билан боғлиқ муаммолар, Орол денгизи фожиасининг салбий оқибатларини бартараф этиш, шунингдек, Оролбўйининг экологик ҳолатини яхшилаш кабилар шулар сирасидандир.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида ўтказилган йиғинда Оролбўйи ҳудудида Концепцияни амалга оширишдаги бирламчи вазифалар бўйича келишилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Орол денгизининг қуриб қолган тубига ўсимликлар уруғлари ва кўчатлар экишдан аввал унинг мониторингини ўтказиш зарур. Мониторинг Орол денгизи дельтасини ва қуриб қолган тубини космосдан сунъий йўлдошлар орқали кузатиш ва ер усти экспедициялари натижаларидан олинган маълумотларни йиғиб, таҳлил қилишдан иборат. Бунда ҳудуднинг қайси ерига экин экиш мумкинлиги, қайси жойларига алоҳида ишлов бериш зарурлиги, айнан қандай ўсимлик турларини кўпайтириш ижобий самара бериши, чўл ҳудудида яшайдиган қандай жониворларни кўпайтириш имконияти борлиги аниқлаштирилади.
Шунингдек Орол денгизи фожиаси оқибатларини камайтириш бўйича амалга ошириладиган ишларга халқаро ташкилотлар ва қўшни мамлакатлардан мутахассисларни таклиф этиш лозимлиги қайд этилди. Концепция муҳокамасига гидрометеорология хизмати ходимлари, энергетика, туризм соҳалари мутахассисларини, зоолог ва ботаникларни жалб қилишга келишилди.
Ишчи гуруҳнинг кейинги йиғилишида қурғоқ ва шўрхок тупроқли ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширган хориж мамлакатлари тажрибалари таҳлили, Концепциянинг қўшни давлатлар ва халқаро инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш ҳамда инновацион ишларнинг мазмуни ва йўналишлари бўйича ғояларни муҳокама қилишга келишилди.​

 

ЎзА