Шавкат Мирзиёев Германияга жўнаб кетди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 январь куни расмий ташриф билан Германия Федератив Республикасига жўнаб кетди.
Аввал хабар қилинганидек, давлатимиз раҳбари Берлин шаҳрида Федерал Президент Франк-Вальтер Штайнмайер, Федерал канцлер Ангела Меркель ва Бундестаг Раиси Вольфганг Шойбле билан музокаралар ўтказади.
Мюнхен шаҳрида Бавария Бош вазири Маркус Зёдер, шунингдек, Германиянинг етакчи ишбилармон ва молиявий доиралари вакиллари билан учрашувлар режалаштирилган.
Бу учрашувларда сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, маданий-гуманитар, фан-таълим ва туризм соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштириш каби масалалар муҳокама этилади. Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилади.
Ташриф доирасида иқтисодиёт, молия, инвестиция, инновация, илм-фан, техника, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорликка оид икки томонлама қатор ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.
Бу Президентимизнинг Европа Иттифоқи давлатларига иккинчи ташрифидир. 2018 йил октябрь ойида Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Францияда бўлган эди.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА