Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Саидқосимов вафот этди

Мазкур хабарни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати тасдиқлади.
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида фильмга тушаётган таниқли актёр, Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Саидқосимовнинг тўсатдан тоби қочиб, шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берган эдик. 
Пўлат Саидқосимовни 15 январь куни кечқурун қорин соҳасидаги оғриқ безовта қила бошлайди. Бемор тиббий кўрикдан ўтказилиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, врачлар томонидан тўлиқ кўрикдан ўтказилиши учун шифохонага ётқизилиши кераклиги тўғрисида тавсия берилади, лекин бемор яхши бўлиб қоламан доимги бўлиб турадиган оғриқ деб унамайди. Беморда 16-январь куни қорин соҳасидаги оғриқ қайталангандан сўнг соат 16:10 да Қўқон шаҳар шошилинч тиббий ёрдам шифохонасининг хирургия бўлимига ётқизилади. Қўқон шаҳар шошилинч тиббий ёрдам шифохонаси хирурглари томонидан бемор кўрилиб, беморда “Ўткир ичак тутилиши” ташхиси қўйилади.
Беморга шошилинч операция ўтказилиши ва бунинг учун беморни қисқа муддатли тайёрловдан ўтказилиши тавсия этилган, лекин бемор ва унинг қариндошлари беморни Тошкент шаҳрига олиб бориш имкониятини яратиб берилишини илтимос қилишган.
Шундан сўнг мутахассисларни консилиуми ташкил этилиб, беморни транспортда Тошкент шахригача махсус реаномобилда олиб борилиши мумкинлиги ва унинг ҳаётига хавф туғдирмаслиги кафолатлангандан сўнг беморни Тошкент шаҳрига Республика шошилинч тиббий ёрдами илмий марказига олиб борилди. П.Саидқосимов жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Марказда малакали мутахассислар томонидан операция амалиёти амалга оширилган, бироқ беморнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. ​​

 

ЎзА