Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ рассоми Георгий Брим хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Маданият вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда мамлакатимиздаги етук санъат арбоблари, театршунослар, актёрлар, маънавият тарғиботчилари, рассомнинг шогирдлари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда маданият ва санъатни қўллаб-қувватлаш, миллий маданий ва маънавий меросни сақлаш ҳамда кўпайтириш, халқимизни миллий, жаҳон маданиятининг энг яхши намуналари билан таништириш борасида самарали ишлар қилинаётгани таъкидланди. Георгий Бримнинг ўзбек театр санъатида тутган ўрни, театр санъати декорациясини яратишда қолдирган ёрқин изи ҳақида сўз юритилди.
Георгий Брим 1935 йил Озарбайжонда, Кировка қишлоғидаги деҳқон оиласида туғилган. 1953 йилда Ашхобод бадиий билим юртини, 1957 йилда Шота Руставели номидаги Тбилиси театр-рассомлик билим юртини тугатди. Билим юрти йўлланмаси билан Мари вилоят театри бош рассоми бўлиб ишлади. Тақдир тақозоси билан Георгий Брим 1961 йилда Ўзбекистонга келиб, Тошкент театр ва рассомлик институтига ўқишга киради. Талабалик йилларидаёқ Тошкент, Ашхобод, Мари шаҳарлари театрларида спектаклларни саҳналаштиришда рассом-декаратор сифатида қатнаша бошлайди. 1967 йилда ўқишни битириб Ўзбек Миллий академик драма театрида рассом, 1969 йилдан эса бош рассом сифатида фаолият кўрсатади.
Георгий Брим юртимизнинг театр санъатига катта ҳисса қўшган буюк режиссёрлар Александр Гинзбург, Тошхўжа Хўжаев, Баҳодир Йўлдошевлар билан ижодий ҳамкорликда “Рўйхатларда йўқ”, “Нодирабегим”, “Келинлар қўзғалони”, “Ибн Сино”, “Юлдузли тунлар”,“Майсаранинг иши”, “Ипак йўли”, “Искандар” каби кўплаб спектаклларни яратди.
Георгий Брим 1999 йил Германиянинг Ландсхут шаҳрида вафот этган.