Ўтган йили электротехника саноатига киритилган инвестицияларнинг салмоғи республика бўйича умумий инвестицияларнинг атиги 0,8 фоизини, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) таркибида электротехника маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми эса 1,5 фоизни ташкил этди. Саноатда хомашё базасининг чегараланганлиги хориж аналоглари билан солиштирганда унинг таннархи ошишига сабаб бўлмоқда.
Шу билан бирга, ишлаб чиқариш жараёни учун хомашё, материаллар ва бутловчи буюмларнинг импорт қилганда қўшилган қиймат солиғи муддатини кечиктиришга имкон яратиш ва ҳисобга олиш механизмининг мавжуд эмаслиги экспорт қилувчи ташкилотларнинг айланма маблағлари бошқа мақсадларга жалб қилинишига ва харажатларнинг ошишига олиб келмоқда.
Тўпланиб қолган бу каби муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари Президентимизнинг жорий йил 4 январдаги “Электротехника саноатининг экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш ва ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилди.
Пойтахтимизда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан мазкур қарор мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ташкил этилди.
Унда ўтган давр мобайнида электротехника саноати ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича кўплаб ишлар бажарилгани, бу эса ишлаб чиқаришнинг янги турларини ўзлаштирган ҳолда маҳсулотни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш ҳажмини сезиларли даражада ошириш имконини яратгани таъкидланди.
Мазкур қарорда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси негизида ташкил қилинган Ўзбекистон электротехника саноати корхоналари уюшмасининг аниқ мақсад-вазифалари ва унга аъзо корхоналарга қатор имтиёзлар белгилаб берилган. Жумладан, уюшма таркибига кирадиган электротехника ва электр-маиший маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарга 2022 йилнинг 1 январига қадар ўзининг асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариши учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар, шунингдек, улар томонидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари доирасида олиб келинадиган қурилиш материаллари импортида божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашни 120 кунга кечиктириш каби имкониятлар берилди.
Брифингда таъкидланишича, амалдаги электротехника корхоналарини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ва янгиларини ташкил этиш бўйича 153,8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 22 та инвестиция лойиҳаси 2019-2021 йиллар давомида амалга оширилади. Кейинги икки йилда юқори қўшилган қийматли тайёр электротехника ва электр-маиший маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмлари 2 бараварга оширилади. Тайёр электротехника ва электр-маиший маҳсулотларнинг экспорт ҳажмини 400 миллион АҚШ доллари миқдорига ошириш кўзда тутилган.