Мўйноқ туманидаги «Мадели» ОФЙ ҳудудидаги «Кўк сув» кўли бўйида «Орол балиқларидан 99 турли таомлар» гастрономик фестивали бўлиб ўтди.

Танлов якунида балиқдан 78 турли таом тайёрлаган Мўйноқ тумани ошпазлари биринчи, Хоразм вилояти ошпазлари иккинчи, Амударё тумани ошпазлари учинчи ўринни эгаллади.

Хоразм вилоятидан Фурқат Намазов «Энг моҳир ошпаз», Шўманой туманидан Роза Шалабаева  «Энг севимли балиқ таоми ошпази», Амударё туманидан Асқар Худайбергенов «Энг мазали балиқ таоми ошпази», Нукус шаҳридан Ҳайтбай Кузиев «Энг қадимги балиқ таоми ошпази», Кегейли  туманидан Индира Мәмбетназарова «Энг чаққон балиқ таоми ошпази», Беруний туманидан Зухра Жаббарова «Энг ёш ошпаз», Мўйноқ туманидан Бийбисара Туримбетова «Энг моҳир аёл ошпаз», шу тумандан Халифа Жапарова «Балиқдан таом тайёрлаш бўйича энг моҳир уй бекаси» номинациялари ғолиби деб топилди.

Мўйноқ туманида «Бўзотов» ОФЙ турғуни Даулетбийке Даниярова эса фестивалга балиқдан тайёрланган ўттиздан ортиқ таом билан қатнашди.

Шунингдек, энг яхши қурилган ўтовлар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Унда биринчи ўрин Чимбой туманига, иккинчи ўрин Беруний туманига, учинчи ўрин Амударё туманига берилди.

Куннинг иккинчи қисмида очиқ осмон остидаги «Кемалар музейи» ёнида «Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши» халқаро экофестивалида умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг «Қушлар байрами», «Бутунжаҳон сувни мухофаза қилиш» экология мавзусидаги расм ва плакатлар, ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси бўлди. Бердақ ва Ажиниёз шоирларнинг халқаро шеърлар ва мусиқий фестивалида эса, ижодкор ёшларнинг, Қорақалпоғистон Республикасидан ва қатор вилоятлардан келган фольклор-этнографик ансамблларнинг халқ шоирларига бағишланган қўшиқ ва рақслари ижро этилди.

Тадбир якунида «Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши» халқаро экофестивали, Бердақ ва Ажиниёз шоирларнинг халқаро шеърлар ва мусиқий фестивали, «Орол балиқларидан 99 турли таомлар» гастрономик фестивали ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди.

Фестиваль юртимизнинг таниқли санъат усталари ва эстрада юлдузлари иштирокидаги гала концерт билан якунланди.

Фото: Тадбир тафсилотлари

Д.Абибуллаев

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси

Фото: М.Хабибуллаев