1.jpg
“Ўзэлтехсаноат” уюшмасида ўтказилаётган брифингда уюшма раиси Алишер Абдуллаев қуйидагиларни сўзлаб берди. 
Ўйлаб кўрилса, бизнинг фаолиятимиз номланишимизга унча ҳам мос келмаётганди. Чунки акциядорлик жамиятининг ва шунга ўхшаш давлат улуши бўлган компанияларнинг асосий вазифаси иқтисодий фойда кўриш. Шунингдек, компаниянинг аъзолари бўлмайди, балки шўъба корхонаси бўлади.
Шунингдек, давлат улуши бўлган корхонага хусусий корхоналарнинг ихтиёрий аъзо бўлиши, унга ёрдамга келиши қийинроқ масала деб ўйлайман. Чунки ўртада рақобат бор. Бунинг устига, уларнинг мақсади – фойда топиш.
Энди эса биз уюшма сифатида фаолият юритамиз. Бизга давлат улуши бўлган корхоналар ҳам хусусий корхоналар ҳам ихтиёрий аъзо бўлади.
Яқинда таъсисчилар йиғилишини ўтказамиз ва таъсисчи корхоналар ўзларига уюшма раиси ва унинг ўринбосарини сайлайди.
Энди уюшмага раҳбарни давлат тайинламайди. Таъсисчи корхоналар уюшмани ўзларини кадрлари билан таъминлаб, уюшма ичида манфаатларини ҳимоя қилишлари мумкин. Кадрлар билан шу усулда ишламоқчимиз. Уюшма ва унинг аъзолари ҳаракатлар стратегиясини ҳам биргаликда ишлаб чиқади.
Шу ўринда коррупция масаласида тўхталиб ўтсам. Менимча, бундай иллатнинг олдини олиш учун маош юқори бўлиши керак. Уюшма бошқарувидаги ходимларнинг ойлиги унинг таркибга кирувчи корхоналарнинг маошидан юқори бўлиши керак. Ана шунда коррупция ёки шахсий манфаатнинг олдини олиш мумкин.
Бу борада бир қатор давлатлар орасида Сингапур олдинги ўринда туради. Уларда давлат корхоналарида ишлаётганларнинг маоши хусусий корхона ишчисидан бир неча баробар юқори. Бу давлатда ишга конкурс асосида олинади. Биз уларни тажрибасини ўрганган ҳолда ишга олиш жараёнида қўллаб кўриш ниятидамиз.
Энди ички ва ташқи бозорларни электротехника маҳсулотлари билан таъминлашга келсак, ўтган йили экспорт ҳажмини ошириш чораларини кўриш мақсадида ходимларимиз Мисрга, Москвага ва яна бир қатор давлатларда ўтказилган кўргазмаларга бориб келишди. Аслида ҳам хорижга 50-60 корхона вакилларини олиб бориш қийинроқ. Аммо уюшманинг ўзи корхоналар номидан ягона стенд қилиб, маҳсулотлар коллекциясини олиб борса, сарф-харажатлар кам бўлади. Корхоналарга ҳам оғири тушмайди.

 

Сайёра Шоева, ЎзА