Нукус шаҳрида нима учун автобуслар қатнови йўлга қўйилмаган?

“БИР САВОЛГА БИР ЖАВОБ”
“Бир саволга бир жавоб” лойиҳасининг аввалги меҳмонлари Самарқанд, Навоий вилояти ҳокимлари ҳамда қишлоқ хўжалиги вазири бўлган эди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур лойиҳада мамлакатимиз вазирлик ва идоралари раҳбар ходимлари, вилоят ҳокимларининг ЎзА саволига жавоблари бериб борилади.
Лойиҳанинг бу галги меҳмони:
d723255d-2007-4110-9b10-af87b7fb4071.jpg
Қаҳрамон Сариев,
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси
– Нукус шаҳрида шу кунгача жамоат транспорти етишмовчилиги бўйича катта муаммо бор. Эрталабки ва кечки пайтларда аҳоли ана шу муаммодан кўп азият чекмоқда. Нукусда асосан “Дамас” автомашиналари қатнайди. Нима учун автобуслар қатнови йўлга қўйилмаган?
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ҳузурида 2018 йил 28 август куни Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги раҳбарларининг автомобиль транспорти соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги тўғрисидаги ҳисоботини муҳокама қилиш юзасидан ўтказилган йиғилиш баёнига (15268-хҳ, 06.09.2018 й.) мувофиқ, “Ўзавтотранс” агентлигига Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан “Автротранс Чимбой” УК ташкил қилинган.
2018 йил 1 декабрга қадар ушбу ташкил қилинган “Автотранс Чимбой” УК корхонасига 50 та “Исузу” русумли автобуслар сотиб олинди. Нукус шаҳрида жамоат транспорти етишмовчилиги бўйича катта муаммо бўлгани ва эрталабки, кечки пайтларда аҳолига шу муаммо туғдираётганлиги сабабли, ушбу харид қилинган 50 та автобус Нукус шаҳрига 10 та йўналиш бўйича йўловчи ташиш хизмати учун қўйилган.
 
Йўналишлар қуйидагича:
3-сонли, “Аскарий гарнизон – Жидали бойсун мавзеси”;
5-сонли, “Шадли овул – Темир йўл вокзали – Таслақ”;
6-сонли, “Нукус Шимолий-Ғарбий автовокзали – Шадли овул”;
8-сонли, “Жидали бойсун мавзеси – Нукус савдо комплекси”;
10-сонли, “Саманбай мавзеси – Қизкеткен мавзеси”;
11-сонли, “Қизкеткен мавзеси – Эски шаҳар”;
12-сонли, “Шадли овул – Қизкеткен мавзеси – Оқ жағиз мавзеси”;
13-сонли, “Саманбай мавзеси – Қум овул”;
17-сонли, “Нукус Шимолий-Ғарбий вокзали – Темир йўл вокзали”;
18-сонли, “Саманбай мавзеси – Боз овул” автобус йўналишлари.
Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони – Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбековнинг жонли ижрога доир саволимизга жавоби эълон қилинади.
Сайтимизни кузатиб боринг.

 

ЎзА