Пенсия ва нафақалар:

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2019 йилдан бошлаб ишлаётган пенсионерлар иш ҳақи билан бирга пенсиясини ҳам тўлиқ миқдорда олади. Таҳририятимизга пенсия ва нафақа олиш тартиби, миқдори хусусида кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Шу сабабли газетхонлар ва фуқароларни қизиқтирган долзарб саволларга жавоб бериш мақсадида «Сизни қизиқтирган мавзуда», деб номланган янги рукн ташкил этдик. Унда одамларни қизиқтираётган, таъбир жоиз бўлса, қийнаётган саволларга мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ечим топишни мақсад қилганмиз. Янги рукннинг илк саҳифаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси кўмагида тайёрланди.

ҚАНДАЙ ТАЙИНЛАНАДИ?

Мамлакатимизнинг асосий Қонуни бўлган Конституциямизнинг
39-моддасига биноан, ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бош­­қа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга.

Давлат пенсия таъминоти тизими 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонун ҳамда ушбу қонун асосида ишлаб чиқилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур қонунга асосан иш стажига эга бўлмаган фуқаролар ва уларнинг оилалари давлат пенсиялари олиш ҳуқуқига эга эмас. Бироқ улар қонунда белгиланган тартибда нафақа олиши мумкин. Бундай тоифадаги кишиларнинг ижтимоий таъминланиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2011 йил 7 апрелда тасдиқланган «Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қария­ларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Пенсия ва нафақанинг 
фарқи нимада?

Маълум иш стажига эга бўлган фуқароларга пенсияларни тайинлаш ҳамда иш стажига эга бўлмаган қариялар, ногиронлар ва боқувчисини йўқотганларга ижтимоий нафақаларни тайинлаш тизими шартли равишда иккига бўлинади.

Пенсия

Мамлакатимизда амалда бўлган пенсия тизими бу – «бирдамлик» пенсия таъминоти тизимига асосланган бўлиб, пенсионерларга пенсия тўловлари учун маблағлар, асосан бугунги кундаги иш берувчилар томонидан Пенсия жамғармасига тўланаётган ижтимоий тўловлар ҳисобидан амалга оширилади.

Фуқаролар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганидан сўнг исталган пайт­­да пенсия тайинлашни сўраб, мурожаат этиши мумкин.

Масалан, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар эса 55 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўлади.

Пенсия ёшига етиб, зарурий иш стажига эга бўлмаган тақдирда, лекин камида 7 йиллик иш стажи мавжуд бўлса, бор стажига мутаносиб равишда тўлиқсиз миқдорда ёшга доир пенсия тайинланади. Тўлиқсиз ёшга доир пенсиянинг миқдори ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан кам бўлмаслиги лозим. Ёшга доир энг кам пенсиянинг миқдори 2019 йил
1 январь ҳолатига кўра 396 500 сўмга тенг.

Бутун дунёда умумқабул қилинган пенсияга берилган таърифга кўра, пенсия – фуқаронинг илгари олинган даромадини унинг ижтимоий бадалларни тўлаган суммаси ва даврига мутаносиб равишда қисман қопловчи ҳар ойлик тўланадиган миқдорга айтилади.

Демак, пенсиянинг миқдори фуқароларнинг бевосита иш стажи ва иш ҳақига, яъни тўланган ижтимоий тўловларга пропорционал боғлиқ равишда ҳисоблаб чиқарилар экан.

Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан эътироф этилишича, пенсия таъминотининг асосий мезони – ижтимоий адолат мезонидир. Яъни фуқаро қанча узоқ вақт ва кўп миқдорда ижтимоий тўловларни тўлаган бўлса, пенсия миқдори ҳам шунча кўп бўлиши зарур.

Ижтимоий нафақалар

Фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларини кафолатлаш доирасида пенсия тайинлаш чу ниш стажига эга бўлмаган қариялар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга – ижтимоий нафақалар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади. Яъни маълум бир сабабларга кўра ишламаган ёки ишлай олмаган фуқароларга давлат томонидан пенсиядан фарқли ўлароқ ҳар ойлик тўланадиган нафақалар берилади.

Ижтимоий нафақалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорларини ошириш тўғрисидаги Фармонларига мувофиқ қатъий миқдорларда белгиланади.

Мисол учун, ёшга доир нафақалар эркаклар 65 ёшга етганда, аёллар эса 60 ёшга етганда ҳамда иш стажи 7 йилдан кам бўлганда тайинланади. Ёшга доир ижтимоий нафақанинг миқдори 2019 йил 1 январь ҳолатига кўра 243 300 сўмга тенг.

2019 йилда бирор бир турдаги пенсия ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш тартиби бекор бўлмаган ҳолда ҳар ойнинг 27-санасига қадар тўлиқ амалга оширилади.

Аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида фуқароларнинг ихтиёрий равишда суғурта тўловларини тўлаши орқали пенсия ва нафақалар олиш имконияти ҳам яратилди.

ПЕНСИЯ ЖАМҒАРМАСИ ВА 
ИХТИЁРИЙ СУҒУРТА

Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Рес­публикаси фуқаролари ва иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунинг­дек, уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 февралдаги 46-сонли қарорига мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорларнинг, жумладан, оилавий тадбиркорлик ёки оилавий тадбиркорликнинг субъекти оила аъзолари, тадбиркорларга ёлланиб ишловчилар, деҳқон хўжалиги аъзолари ва қорамол етиштирувчи шахслар суғурта бадалларини ихтиёрий равишда тўлаши мумкин. Бу келажакда давлат пенсия таъминотига бўлган ҳуқуқларини таъминлашга асос бўлади.

Таъкидлаш жоизки, Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлашга ўзини-ўзи иш билан таъминлаётган барча жисмоний шахслар, жумладан балиқчилик, лимончилик, паррандачилик ва шу каби қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ўзининг томорқасида етиштириш ва сотиш билан банд бўлган барча фуқаролар эгадир. Улар Пенсия жамғармасига энг кам иш ҳақининг 4,5 баробарида бадал тўласа, иш стажига бу давр 1 календарь йил сифатида ҳисобга олинади.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, Ўзбекис­тон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг бу соҳадаги ваколатларини кенгайтириш ва фаол иштирокини таъминлаш мақсадида 2018 йил 26 апрелдаги «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 3680-сонли Президент қарорига асосан 2018 йил 1 июлдан бошлаб деҳқон хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йилига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида суғурта бадали тўласа, суғурта бадали тўланган йил меҳнат стажига киритилади.

Бундан ташқари, 2018 йил 7 июлдаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 3839-сонли Президент қарорига мувофиқ 2018 йил ­1 август­дан хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига энг кам иш ҳақининг тўрт ярим баравари миқдорида йиллик суғурта тўловларини ихтиёрий равишда тўласа, тўловлар амалга оширилган даврлар белгиланган тартибда меҳнат стажига қўшилади.

Вазирлар Маҳкамасининг қайд этилган қарорига асосан чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс, деҳқон хўжалиги аъзоси ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзолари Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари ҳисоби унинг доимий яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органлари томонидан юритилади.

ТЎЛОВ МЕХАНИЗМИ 
ҚАНДАЙ ИШЛАЙДИ?

Бу ишни амалга оширишни истовчилар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган шахсий ёрдамчи хўжалигида қорамол мавжудлиги ёки қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бошқа турларини (ўсимликшунослик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотлари) етиштириш билан бандлиги тўғрисида маълумотномани олган ҳолда дои­мий яшаш жойи бўйича Давлат солиқ хизмати органларига мурожаат этади. Давлат солиқ органлари эса фуқаронинг меҳнат фаолиятидан келиб чиққан ҳолда махсус солиқ коди очади. Шундан сўнг фуқаро ўзининг имкониятига қараб тўловларни тўлайди.

Бу жараён қуйидаги шаклда амалга оширилади:

3. Ёшга доир пенсия ёки ёшга доир нафақа

Камида 7 йил суғурта бадаллари тўланган давр бўлса:

эркакларга 60 ёш, аёлларга 55 ёшда ёшга доир пенсия тайинланади.

2. I ёки II гуруҳ ногиронларига

Суғурта бадалларини ёшига тўғри келадиган иш стажига мос келган давр учун тўлаган бўлса:

а) камида 889 166,66х55 фоиз = 489 041,66 сўм пенсия;

б) I гуруҳ ногиронига энг кам иш ҳақининг 75 ёки 100 фоизи миқдорида устама олиши мумкин.

Суғурта бадаллари тўламаган бўлса, ногиронлик нафақаси (243 300 сўм) фақат иш қобилиятини доимий йўқотган ҳолда тўланади.

3. Боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки боқувчисини йўқотганлик нафақаси

Суғурта бадалларини ёшига тўғри келадиган иш стажига мос келган давр учун тўлаган бўлса:

а) 1 нафар фарзандга — камида 889 166,66х30 фоиз = 266 749,99 сўм

б) 2 нафар фарзандга — 889 166,66х60 фоиз = 533 499,99 сўм

в) 3 нафар фарзандга — 889 166,66х90 фоиз = 800 249,99 сўм

г) 5 нафар фарзандга — 889 166,66х120 фоиз = 1 066 999,99 сўм

Суғурта бадаллари тўламаган бўлса:

а) 1 нафар фарзандга — 202 730х50 фоиз = 101 365,00 сўм

б) 2 нафар фарзандга — 202 730х75 фоиз = 152 047,5 сўм

в) 3 нафар ва ундан кўп фарзандга 202 730х100 фоиз = 202 730 сўм.

Ушбу тадбирларнинг барчаси аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш ҳамда пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Холли Норбоев тайёрлади

«Ishonch» газетасининг 2019 йил 5 январ сонидан

 

ЎзА