«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ «Жамоатчилик фикри кўзгусида суд-ҳуқуқ тизими ислоҳоти» мавзусида ижтимоий сўров ўтказилди.
Сўров натижаларига кўра, Ўзбекистон фуқароларининг аксарияти, яъни 89,6 фоизи Президентимиз раҳнамолигида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқаролар ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқий ва демократик давлат барпо этишнинг асосий кафолати сифатида қонун устуворлиги тамойили мустаҳкамланишига катта ишонч билан қарайди.
Иштирокчилар суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришлардан мақсад мамлакатда қонун устуворлиги ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жиноятга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар олдини олиш тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашдан иборат, деб билади. Шунингдек, ислоҳотлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда суд ҳокимияти ўрнини ошириш, мавқеи ва асл мустақиллигини мустаҳкамлаш, амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштиришни ҳам кўзда тутади, деб ҳисоблайди.
Шу билан бирга, ҳар уч иштирокчидан бири суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳақида етарли тасаввурга эга эмаслиги аён бўлди. Шу боис, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиш даражасини оширишга, кенг аҳоли қатламига мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар сабаби, мақсад ва вазифаларини тушунтиришга мўлжалланган самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш долзарб аҳамият касб этади. Бу жараёнда фуқароларни қабул қилинаётган қонун, фармон ва қарорлар моҳияти билан ўз вақтида таништириш ваколатига эга давлат органлари ва муассасалари фаолиятини такомиллаштириш ҳам муҳим.
69,7 фоиз иштирокчи суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришларнинг ижобий самараси жамият ва давлат ҳаётининг кўплаб жабҳаларига дахлдор эканини таъкидлаган. Сўров давомида фуқаролар жиноятчиликнинг олдини олиш ва бартараф этиш, бизнесни ривожлантириш соҳасида ҳуқуқни таъминлаш, тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш масалаларини суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар билан боғлиқ тарзда юз берган ижобий ўзгаришлар сифатида қайд этган.
Сўров натижаларига асосан суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар аҳоли эътиборини тобора кўпроқ тортмоқда, деган хулосага келиш мумкин. Шу боис, амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларини, мамлакатни модернизация қилиш туфайли рўй бераётган ижобий ўзгаришларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш, бу ҳақда аҳолини кенг хабардор қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш даркор.
Ҳар учинчи респондент аҳолининг суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлардан етарли даражада хабардор эмаслиги, ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий таълим даражаси замон талабларига жавоб бермаслиги соҳада муваффақиятли ўзгаришларни амалга ошириш йўлидаги жиддий тўсиқдир, деб ҳисоблайди.
Сўров аҳоли ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳар қандай тажовуздан ҳимояланганини кўрсатди. Аксарият, яъни 93,8 фоиз респондент ўзини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланган, деб ҳисоблайди.
Фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганда адолатни тиклаш учун ёрдам сўраб кўпроқ яшаш жойидаги маҳалла йиғинларига мурожаат қилиши маълум бўлди. Бу табиий, зеро, маҳалла фуқароларнинг ҳаётий муаммоларини ҳал этиш ва манфаатларини таъминлашда кенг ваколатларга эга, у давлат ҳокимияти вакиллари билан ҳамкорлик қилади ва энг муҳими, жойлашувига кўра нисбатан қулай.
Сўров натижаларининг кўрсатишича, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Фуқаролар бу қабулхоналарни қонун устуворлигини таъминлаш ва адолатнинг тантана қилишида самарали фаолият кўрсатмоқда, деб ҳисоблайди. Ҳар иккинчи иштирокчи ўз ҳуқуқи бузилган ва қонуний манфаати чеклаб қўйилган ҳолларда Виртуал ва Халқ қабулхоналарига мурожаат қилишини билдирган.
Иштирокчиларнинг 67,1 фоизи ўз манфаатларини ҳимоя қила олиши ва бузилган ҳуқуқлари қонуний йўл билан тикланишига эриша олишига қатъий ишонади. Мониторинг натижаларига кўра, 2015 йилдан 2017 йилгача бўлган муддатда ўз қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тиклай олишига қатъий ишонган фуқаролар фоизи барқарорлиги сақланиб қолмоқда.
Жамоатчилик фикрини ўрганиш натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти (93,2 фоизи) мамлакатда ўлим жазоси бекор қилинганини маъқуллайди ва қўллаб-қувватлайди. Бу халқимизнинг инсонпарварлик ғоялари ва демократик қадриятларга содиқлигидан далолат беради.
Респондентларнинг ярмидан кўпи 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида суд-ҳуқуқи тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳуқуқ-тартибот органлари, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва ижтимоий институтлар фаолиятига сезиларли равишда ижобий таъсир кўрсатди, деб ҳисоблайди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатланган ишончли ҳимоясини кенгайтириш, фуқароларнинг адолатга тўсиқсиз эришиши даражасини ошириш суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг етакчи йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Сўров шахс ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий база мунтазам такомиллаштириб борилаётгани, ушбу ислоҳотларда фуқаролик жамияти институтлари тобора фаол қатнашаётгани, жамоатчилик назорати механизми қонун билан мустаҳкамлангани, Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналари, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари алоҳида аҳамият касб этишини кўрсатди.
Жамоатчилик фикрини ўрганиш натижаларига кўра, халқимиз суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар муҳимлигини яхши тушунади. Мамлакатимизда суд тизимини янада демократлаштириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган сиёсат, суд ҳокимияти мустақиллигига оид конституциявий меъёрларга риоя этилишини жиддий назорат қилишни таъминлаш, фуқароларнинг адолатни қарор топтиришга эришиш даражасини ошириш борасидаги ишларни қўллаб-қувватлайди.
«Ижтимоий фикр» маркази
материаллари асосида
Аблай Камолов, ЎзА