ШАРҲ: “Эл-юрт умиди” жамғармаси нима учун ташкил этилди?..(+видео)

Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармасининг дастурлари бўйича кадрларни ўқитишни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш маркази давлат раҳбарининг ўтган йил 25 сентябрдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси этиб қайта ташкил этилди.
Табиийки, ана шу ҳужжат асносида унинг асосий вазифалари, молиялаштириш манбалари белгиланди. Тузилмаси-ю, Васийлик кенгашининг таркиби тасдиқланди. Қолаверса, Фонд фаолияти юзасидан турли ташкилотларга тегишли топшириқлар ҳам берилган. Орадан 100 кун ўтиб, ушбу чора-тадбирларни такомиллаштириш мақсадида қарор ҳам қабул қилинди.
ЮЗ КУН. Бу муддат қайсидир маънода ҳар қандай ташкилот-у тузилма фаолиятнинг дастлабки қадамларини баҳолаш, қўйилган вазифаларнинг бажарилишига танқидий назар солиш имконини беради.
Аввало, нима қилиш керак?
– биринчидан, юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш механизмларини ишлаб чиқиш;
 
– иккинчидан, хорижда мутахассисларни ўқитишни молиялаштириш манбаларини конкретлаштириш;
 
– учинчидан, таълим соҳасидаги етакчи хорижий ҳамкорларни топишда дипломатик ваколатхоналар фаолиятини жонлантириш;
 
– тўртинчидан, танловда иштирок этиш учун номзодларни олдиндан тайёрлашга нисбатан тизимли ёндашувларни ишлаб чиқиш ва ҳал этиш лозим.
Айни пайтда мамлакатимизнинг илмий ва илмий педагогик кадрларга бўлган эҳтиёжи 5000 дан ортиқ. Агар саноат соҳасининг талабларини инобатга олсак, бу юқоридаги миқдордан 50 бараварга кўп. Ҳозирнинг ўзидаёқ хорижга докторантура, магистратура, малака ошириш ва стажировкадан ўтказиш учун 3,5 мингдан зиёд мутахассисни юбориш зарурияти бор. Бу маълумотлар ўтган йил декабр ойида давлатимиз раҳбари раислигидаги йиғилишда тилга олинган эди. Шунингдек, унда “Эл-юрт умиди” жамғармаси бошқа ташкилотлар билан бирга чет элдаги юртдошларимизнинг маълумотлар базасини ташкил этиш кераклиги ҳам таъкидланган.
Бу вазифалар эса мазкур қарор билан тасдиқланган “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2019 йилги дастурида ўз ифодасини топди.
“Эл-юрт умиди” фонди дастурлари бўйича шунингдек, кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш учун номзодларни танлов асосида танлаб олиш схема тасдиқланди. Бу бевосита хорижий мамлакатлар етакчи университетлари, илмий марказлари, бошқа компания ва ташкилотларида истиқболли кадрларни ўқитиш учун буюртмалар портфелини шакллантиришдан тортиб, то ҳар йили декабр ойи охиригача стипендиялар ғолибларига оид маълумотни оммавий ахборот воситаларида эълон қилишгача бўлган жами 7 босқични ўз ичига олади.
Умуман олганда 2018 йилда “Эл-юрт умиди” жамғармасини молиялаштириш учун 50 млрд сўм йўналтирилган бўлса, 2019 йилда 72,5 млрд. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Шунингдек, 2019-2021 йилларда Жамғарма стипендиялари ҳисобидан 4 000 мутахассис ўқишга юборилиши белгиланган бўлиб, ажратилган умумий ўринларнинг 20 фоизи магистратура ва докторантурада ўқиш учун ажратилади.
Яна бир томони, Жамғарманинг Васийлик Кенгаши халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингига кўра жаҳондаги энг яхши 500 талик ёки танланган фан йўналиши бўйича энг яхши 200 талик рўйхатга кирган хорижий таълим муассасалари ва илмий марказларнинг магистратураси ёки докторантурасига мустақил тарзда кирган ва таълим олаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига Жамғарма стипендияларини ажратиш бўйича қарорлар қабул қилади.
Қарорга мувофиқ, номзодларни, айниқса республика ҳудудларида Жамғарма стипендияларини олишга номзодларни хорижий тилларга ўқитиш махсус дастурларини ишлаб чиқилади ва 2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб уларни хорижий тилларга ўқитиш махсус дастурлари асосида мақсадли курслар ўз ишини бошлайди.
Ҳужжатда белгиланган яна бир бандга кўра, Жамғармани молиялаштиришда халқаро ёндашув ҳам амалиётга татбиқ этилади.
Таъкидлаш жоизки, “Эл-юрт умиди” фонди стипендия дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида кўплаб юртдошларимиз хориждаги етакчи таълим даргоҳлари, илмий тадқиқот марказларида малака ошириш имконига эга бўлишди. Мисол учун 2018 йилда 30 нафар стипендиант хорижда стажировка ўтаган бўлса, 2019 йилда бу йўналишга 359 та стипендия белгиланган. Магистратура бўйича ўтган йил 25 стипендия ажратилган бўлса, бу йил унинг сони беш баравардан ҳам кўпроқ – 129та. Доктарантура учун аввалги йилда 19 стипендия берилган ва ушбу йил бу кўрсатгич 137 тага етади.
 
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
ҳузуридаги
Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази билан
ҳамкорликда тайёрланди

 

ЎзА